Мурожаатлар эътиборсиз қолмайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Бухоро вилояти Олот туманидаги Халқ қабулхонасига ўтган 2021 йил 1 июлга қадар тумандаги юридик ва жисмоний шахслар томонидан 3 минг 795 та мурожаат келиб тушган.
Олот туманидан тушган мурожаатларни мутасаддилар томонидан ўрганиш натижасида қаноатлантириш даражаси 85,4 фоизни, ижобий ҳал этиш даражаси эса 32,3 фоизни ташкил этади. Таҳлилларга кўра, газ, электр соҳасига оид 191 та, моддий ёрдам 77 та, соғлиқни сақлаш 67 та, иш билан таъминлаш 64 та, йўл қурилишига оид 62 та, алимент ундиришга оид 59 та, мактаб таълими масалаларига оид 38 та, суд масалаларига оид 36 та, бошқа турли масалаларга оид 460 та мурожаат ижобий ечимини топган.
– Қизимни даволатиш учун амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаатим ижобий ҳал этилди, – дейди Олот тумани Ғанчи-Чандир маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Зулхумор Умирова. – Мурожаатим туман тиббиёт бирлашмаси томонидан ўрганилди. Қизим терапия бўлимида даволанди ҳамда керакли дори-дармонлар билан бепул таминланди.
[gallery-3041]
– Зангиота кўчасидаги электр устунлар ва трансформаторларни алмаштириш масаласида мурожаат қилдим, – дейди Олот тумани Бўстон МФЙда яшовчи фуқаро Яхшимурод Раҳимов. – Туман электр таъминоти корхонаси томонидан электр устунлар ва трансформатор тўлиқ таъмирлаб берилди. Бундан ҳудуд аҳолиси мамнун.
Туман бўйича тушган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда мурожаатларнинг энг кўпи иш билан таъминлаш, кредит олиш, моддий ёрдам олиш, газ, электр ва ичимлик суви таъминоти, йўл қурилиши, уй-жойларини таъмирлаш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги мурожаатлардир.
Жорий йилнинг 1 июлига қадар вилоят ва туман сектор раҳбарлари ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг аҳоли билан 91 маротаба оммавий сайёр қабуллари ўтказилган. Сайёр қабулларда қилинган мурожаатлар сони 414 тани ташкил этган. Сайёр қабул ва учрашувларда тушган мурожаатларнинг асосий қисмини кредит олиш, иш билан таъминлаш, йўл қурилиши, газ, электр, сув таъминоти, уй-жой, ер билан таъминлаш, моддий ёрдам олиш соҳасидаги мурожаатлар ташкил этмоқда. Оммавий сайёр қабулларда тушган мурожаатларнинг 89,6 фоизи қаноатлантирилган.
Шунингдек, туман секторлар раҳбарлари иштирокидаги сайёр қабуллар ва учрашувларда ҳам аҳолини қийнаб келаётган бир қанча долзарб муаммолар ўрганилган ва имкон даражасида жойида ижобий ҳал қилиниб келинмоқда.
Ўтган 2020 йил давомида туманда аҳолини қийнаб келаётган долзарб муаммолар ишчи гуруҳлар томонидан ўрганилиб ҳал қилиш учун маблағ ва муддат талаб қилувчи муаммоларни бартараф қилиш учун Халқ қабулхонаси томонидан тегишли мутасаддиларга давлат дастурларини ишлаб чиқишда инобатга олиш мақсадида таклифлар киритилган. Ушбу таклифлар инобатга олиниб 2021 йилнинг ўтган даврида Давлат дастурлари асосида 69 километр ички йўллар шағаллаштирилди. Фойдаланилмай турган 3 та мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш ишлари бошланди. 2 та МФЙ биноси янгидан қурилди.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА