Мурожаатчига нафақа пуллари олиб берилди
Адлия бўлими ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилди.
Халқ банкининг Вобкент тумани филиали томонидан қурувчи маҳалла фуқаролар йиғини Навбаҳор кўчасида яшовчи А.С.га боқувчисини йўқотганлик учун тайинланган нафақа пуллари тўлаб берилмаганлигидан сўнг туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Адлия бўлими ходимлари томонидан мурожаат батафсил ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаро А.С.га Бозоржойи МФЙ раиси томонидан опаси Ҳ.С.нинг номидан пенсия ва нафақа пулларини олиш юзасидан ишончнома расмийлаштириб берилган ва фуқаро мазкур ишончнома билан Халқ банкининг туман филиалига мурожаат қилган. Бироқ банк масъул ходими томонидан ишончномага шубҳа билан қаралиб, мурожаатчига «туман пенсия бўлимидан сўраб келинг, бўлади деса кейин тўловларни берамиз» деган важ билан асоссиз равишда ноқонуний талаб қўйилган.
– «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғинининг раиси хат хабарларни, шу жумладан, пул ва жўнатмаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкинлиги белгиланган, – дейди туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Зоҳид Ҳалимов.
– Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан аниқланган қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан АТ «Халқ банки» туман филиалига тақдимнома киритилди. Айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилди. Мурожаатчига нафақа пуллари олиб берилишига эришилди.