Мурожаат ҳал бўлди: Қиймадўзга сув келди
Шу йилнинг июнь ойида агентлигимизга Каттақўрғон тумани Қиймадўз қишлоғи аҳли номидан Рустам Ҳасанов мурожаат қилиб, қишлоқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ортга сурилиб келаётганини баён қилган эди.
Мазкур мурожаатни “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва унинг Каттақўрғон туман филиали мутасаддилари, Каттақўрғон тумани ҳокимлиги масъуллари билан биргаликда жойига бориб ўргандик.
Маълум бўлишича, фуқароларнинг мурожаатлари асосида мазкур қишлоқни (140 хўжалик) тоза ичимлик суви билан таъминлаш “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ ва Каттақўрғон тумани ҳокимлиги томонидан ҳашар йўли билан амалга оширилиши белгиланиб, 2022 йилда қишлоқда ички тармоқ тортилган. Аҳоли эса ўз хонадонларига тармоқ тортиб, сув ҳисоблагич ўрнатган. Сув таъминоти корхонаси қишлоққа тоза ичимлик сувини Дамхўжа сув тақсимлаш иншоотидан Хатирчи туманига кетган тармоқдан олишни режалаштирган. Лекин мазкур тармоққа уланишга рухсат берилмагач, Дамхўжанинг ўзидан (6-7 километр) тармоқ тортиш учун қайта лойиҳа тайёрланган. Бунинг учун қўшимча маблағга эҳтиёж туғилган. Шу сабабли ишни якунига етказиш муддати чўзилиб кетган.
Ҳозирда ушбу тармоқ учун зарур қувур ва бошқа воситалар олиниб иш бошланган. Ўрганиш давомида Каттақўрғон тумани ҳокими Ж.Насриддинов билан учрашиб, шикоят ариза ва қишлоқдаги ҳолат юзасидан суҳбатлашган эдик. Туман раҳбари бу масалани ўз назоратига олиши ва тез орада муаммо ҳал этилишини маълум қилганди.
Қиймадўздан яхши хабар келди. Сув тармоғи тортилиб, қишлоққа тоза ичимлик суви келибди.
Ғ. Ҳасанов,
ЎзА