Мураккаб жарроҳлик амалиёти: ислоҳот ва самара
Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази негизидаги ҳудудий минтақавий филиалларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
– Республика ихтисослаштирилган Урология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиалига резектоскоп аппарати ва эндоскопик стойкаси ёрдамида «Трансуретрал резекция Аденома» жарроҳлик амалиётини ўтказиш йўлга қўйилди, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари Тўлқин Расулов. – 2021 йил 29 сентябрь куни биринчи жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Келажакда марказда бошқа жарроҳлик амалиётлари ҳам йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиалида ҳам «Узун найсимон суякларда «БИОС» стержень билан остеосинтез», «Йирик буғимларда эндопротезлаш» каби мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Энг муҳими марказда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун зарур шароит ва юқори малакага эга бўлган 20 нафар етакчи мутахассис шифокорлар жамланган. Ўтган йилда аҳолига диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, шу жумладан, телетиббиётни жорий этиш ҳамда рақамлаштириш, касаллик регистрини яратиш, шунингдек, тиббий жиҳозлар ва замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида марказга 4 та гидравлик жарроҳлик столи, 4 та операцион лампа, 2 та электрохирургик коагуллятор аппарати, 1 та набор электрохирургик генератор (TEKNO TOM 411PRO) биполяр резектоскоп ва 7 та физиотерапевтик аппарат харид қилинди. «Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларини модернизациялаш» лойиҳаси доирасида замонавий МРТ ускунаси ишга туширилди.
[gallery-6233]
Марказда фаолият юритаётган кадрларнинг малакасини ошириш доимий эътиборда. Жумладан, уларнинг Россия, Жанубий Корея, Туркия каби давлатларнинг нуфузли клиника ва тиббиёт муассасаларида малака ошириши йўлга қўйилган.
Маълумот ўрнида Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази 439 ўринга мўлжалланган. Бу ерда бир ойда 1 минг 500, бир йилда 18 мингдан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.