Муқобил энергия тежамкор ва самарали
Маълумотларга кўра, Германия давлатида 1 йилда бор-йўғи 190 кун қуёшли экан. Лекин шунга қарамай, бугунги кунда мамлакатда қуёш энергиясидан тўлиқ фойдаланиш учун миллий дастур ишлаб чиқилиб, амалга кенг татбиқ этиляпти. Ҳозирда қишлоқ хўжалигида, саноатда ва ишлаб чиқаришда ҳамда аҳоли турар жойларида муқобил энергия манбалари, жумладан, қуёш фотостанциялари кенг жорий қилиняпти. Ўзбекистон эса Германияга нисабатан салкам икки баробар қуёшли бўлиб, йилига 300 кун қуёш чарақлаб туради. Бугун мамлакатимизда ҳам қуёш энергиясидан мақсадли фойдаланишгаалоҳида эътибор қаратилмоқда. Яшил иқтисодиёт сиёсати илгари сурилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йилнинг 2 декабрдаги “2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг “Яшил” иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВт. га ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоиздан кўпроғига етказиш ҳамда саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш кўзда тутилган. Мазкур қарор ижросига асосан Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси Таъмирлаш-механика цехи биносининг том қисмига ҳамда автосарой хизмати ва ошхона эҳтиёжлари учун қуёш иситиш қурилмалари ўрнатилиб, кенг фойдаланилмоқда.
– Юртимиз қуёшли ўлка, бундан самарали фойдаланиш керак, – дейди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи Мурод Тиллаев. – Бугун давлатимиз томонидан инновацион технологиялар, жумладан, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти, қатор имтиёзлар ва субсидиялар ажратилмоқда. Жорий йилда бошқармамиз маъмурий биносига ҳам қуёш батареялари ўрнатишни режалаштирганмиз.
А. Мусаев, ЎзА.