
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи нафақат вилоят, балки юртимиз саноатининг ҳам муҳим объектларидан биридир. Сўнгги йилларда дунёда энергия танқислиги кузатилаётган бир вазиятда мамлакатимизда ҳам кўп харажат ва хомашё ресурси эвазига ишлаб чиқариладиган энергия ресурслари эвазига муқобил энергияни татбиқ этиш йўлга қўйилмоқда.
Шу билан бирга, вилоятдаги барча корхона ва ташкилотлар томонидан ўз энергияси истеъмолини муқобил электр энергиялари манбалари ҳисобидан қоплаш борасидаги ташаббуслар илгари сурилди. Заводнинг ўзига хос мўъжаз қуёш электр станцияси шундай ташаббусларнинг амалий ифодасидир. Бу борада Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Уч гектар майдонни эгаллаган ва 3,5 мегаватт соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу электр станциянинг фаолияти натижасида эндиликда тўлиқлигича қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан қувватлантирилишига эришилади. Завод бино-иншоотларини иссиқ сув билан таъминлаш учун қуёш сув иситгичлари ҳам ўрнатилганлиги корхонада нафақат экологик, балки салмоқли иқтисодий самара берадиган энергия тежовчи технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан далолат бермоқда.

Заводнинг муқобил энергия манбаи – қуёш электр станцияси қурилишида пудратчи сифатида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Ogma projects” корхонаси, лойиҳачи сифатида “ARH Grand projects” хусусий корхонаси жамоалари алоҳида жонбозлик кўрсатган. Мазкур муқобил энергия қуввати заводнинг кўп йил барқарор фаолияти, аҳолининг турмуш фаровонлигига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири