“Мунозара” интеллектуал ўйини ғолиби аниқланди
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақаларининг вилоят босқичи давом этмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини ёшлар ўртасида оммалаштириш, ёшлар фестиваллари ва бошқа маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтидори, истеъдоди ва ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш мақсадида маҳалла ёшларидан тузилган жамоалар ўртасида спортнинг шашка, “Street Workout”, енгил атлетика стол тенниси, волейбол, стритбол, киберспорт турлари бўйича мусобақалар, шунингдек, “Заковат”, “Зукко китобхон”, “Мунозара” интеллектуал ўйинлари, “Қувноқлар ва зукколар”, “Ёш китобхон оила”, “Мушоира” кўрик-танловлари ўтказилмоқда.
Ўқувчи ёшларнинг нотиқлик санъати, билим ва иқтидорларини синовдан ўтказаётган “Мунозара” интеллектуал ўйини вилоят босқичида 16 та туман, шаҳар Ёшлар иттифоқи Сардорлар кенгаши жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.
Якуний натижаларга кўра, Балиқчи тумани Сардорлар кенгаши вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаб, Сирдарё вилоятида бўлиб ўтадиган Республика босқичига йўлланма олди.
– Қўлга киритган ютуғимиз бизни янада руҳлантиради, қолаверса, зиммамизга улкан масъулият юклайди, – 0дейди Балиқчи тумани Сардорлар кенгаши раиси Улуғбек Орифжонов. – Энди интеллектуал ўйиннинг Республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга астойдил ҳаракат қиламиз.
Баҳсларда Шаҳрихон тумани Сардорлар кенгаши жамоасига иккинчи, Олтинкўл тумани Сардорлар кенгашига эса учинчи ўрин насиб этди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” нинг Андижон давлат университети Хорижий тиллар факультетида бўлиб ўтган волейбол мусобақалари қизиқарли ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Икки – 16-21 ва 22-26 ёш тоифасида ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги мусобақаларда туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этди.
Якунда ўз ёш тоифалари бўйича ўғил болалар ўртасида Марҳамат туманидаги “Эрши” ва Бўстон туманидаги “Боғи эрам” маҳаллалари жамоалари, қизлар ўртасида эса Марҳамат туманидаги “Дўстлик” ҳамда Балиқчи туманидаги “Жасорат” маҳаллалари жамоалари биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА