МУНОСАБАТ: Имом Мотуридий ва унинг издошлари меросини тарғиб қилиш савобли иш (+видео)
Ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”да қарорни бажариш юзасидан жуда муҳим тадбирлар белгиланган.
– Куни кеча Президентимиз “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги яна бир тарихий қарорни имзолади. Бу илмий ва амалий аҳамиятга молик иш бўлди. Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросини ўрганиш, тиклаш, ўзбек тилига таржима қилиш, тарғиб қилиш жуда катта савобли ва салмоқли иш. Қарорнинг мазмуни-моҳиятида айнан шулар назарда тутилган.
Ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”да қарорни бажариш юзасидан жуда муҳим тадбирлар белгиланган. Шунингдек, ушбу марказнинг халқаро миқёсда иш олиб бориши ҳам қайд этилган.
Жорий йилда Имом Мотуридийга бағишланган Мисрнинг ал-Азхар университети билан ҳамкорликда ўтказилган конференция бу мавзуга жуда катта қизиқиш борлигини кўрсатган. Чунки мусулмон дунёсининг жуда катта қисми ханафия мазҳаби ва мотуридия йўналишида фаолият олиб боради. Улар исломда ўта муҳим бўлган бағрикенгликни тарғиб қилади, мўътадилликни, инсонийликни тараннум этади.
“Йўл харитаси” бажарилишида халқаро миқёсда олимлар, мутахассислар жалб қилиниши назарда тутилган. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил топиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Негаки, бу академия ҳузурида аллақачон катта илмий муҳит ва тажриба шаклланган, жамланган. Соҳада ўз ўрнига эга олимлар, ёш тадқиқотчилар фаолият юритмоқда.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази ҳамкорликда бу қарор ижросини эл-юртимиз манфаати йўлида амалга оширишда ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз.
Шоазим МИНОВАРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори.