Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин қизлар қўмитаси ҳамда Сирдарё вилоят судлари ҳамкорлигида оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ва фарзандлар тарбиясига бағишланган очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Дастлаб Сирдарё ҳамда Сайхунобод туманларидаги маҳалла фаоллари ва низоли оилалар бир даврага таклиф этилди. Муҳокамадаги масала эса оилавий ажримни сўнгги чора деб билган ҳолда фуқаролик судларига даъво киритганларнинг муаммоси бўлди. Тўғри, аҳоли билан ўтказилган мазкур мулоқотларда расмий ва доимий сўзлар айтилмади, балки ҳудудда ўз ҳаётий тажрибаси билан намуна бўлаётганларнинг ибрати, диний уламоларнинг панду насиҳатларига қулоқ тутилди. Ажрашаман, дея қарорида қатъий турганлар эътиборига мавзуга монанд “Фарзанд омонат” номли ҳаётий фильм намойиш этилди.

Ажрим билан оилавий низога нуқта қўяман ёки ечим топаман, деган жуфтлик хато қилади. Боиси, биргина никоҳдан ажратишга оид даъво оқибатида фарзанд, мол-мулк, алимент билан боғлиқ низолар ҳам келиб чиқади, дея оилавий ажримнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳам тушунтирилди.

Энг ачинарлиси, ажрашиш ниятига етган оила фарзандларининг тақдири ҳам сўроқ остида қолишидир, дейилди мулоқотда қатнашганлар.
Буни қарангки, даврада иштирок этаётган, ажримни нажот деб билган баъзи бир оилалар шу куниёқ ўз қарорини ўзгартирганини маълум қилди ва Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё туманлараро судига берган даъвосини қайтариб олишини маълум қилди.

Ана шундай ижобий натижаларни кўзлаган тадбирнинг иккинчи куни Янгиер шаҳрида Боёвут тумани ва Янгиер шаҳри аҳолиси иштирокида ташкил этилди. Бу манзилда ҳам маҳалла фаоллари томонидан ярашиб кетиши мумкин, дея таъриф берилган оила вакиллари бир даврага жамланди.

Кун тартибидаги ажримга қарши қаратилган мавзулардан сўз очилгач, фильмни кўзида ёши билан томоша қилганлардан алоҳида хонада суҳбатлар ўтказилса, деган таклифлар бўлди. Шу сабабли ишчи гуруҳи ҳар бир оила вакиллари билан оммадан холи хоналарда суҳбатлашди, ажримга сабаб бўлаётган омилларга биргаликда ечим изланди. Ниҳоят, суд томонидан муҳлат берилган оилалардан 4 таси ярашиш истагини билдирди ва ўтказилган сайёр суд мажлисида уларнинг никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлари тугатилиб,эр-хотин яраштирилди.

Шу ўринда икки кунлик тадбир натижаларини рақамларда ифодалайдиган бўлсак, 9 та оила яраштирилди, 29 та оилавий низоларга ҳуқуқий ечим берилди, 6 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Чунки, суҳбатлар ва ўрганишлар давомида ажримларнинг аксариятига оила боқувчининг иш билан банд бўлмаганлиги асос бўлаётганлиги очиқланди.

Демак, оиланинг муқаддаслигини яна бир бора изоҳлаш ва исботлашга қаратилган мазкур мулоқотлар ўзининг шу каби натижалари билан ҳам самарали ўтди, дейиш мумкин.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири