МУЛОҲАЗА: Миллион-миллион пулларни кўчага отаётганлар
ЁХУД ОДДИЙ ДАНАК ОРТИДАН МИЛЛИОНEР БЎЛИШ ИМКОНИЯТИ БОР ЯХШИ ЧЎҒ БЎЛАР ЭКАН...
ЁХУД ОДДИЙ ДАНАК ОРТИДАН МИЛЛИОНEР БЎЛИШ ИМКОНИЯТИ БОР
ЯХШИ ЧЎҒ БЎЛАР ЭКАН...
Қишнинг совуқ чилласи эди... Биз – болалар иссиққина печь атрофида жам бўлиб дарс қилишни “катталарнинг турфа суҳбатларига қулоғимизни «динг» қилиб ўтиришни хўш кўрардик.
Онамиз печга бир челак ўтин солдилар. Оловнинг чирсиллаб ёнишию, хонага таралган хушбўй ҳиддан мудраётган бобомиз ҳушёр тортди:
— Келин, нимани ёқдингиз?
— Набираларингиз ёзда шафтоли қоқи қилишганда анчагина данак йиғилиб қолган экан, яхши ёнадида...
Бобомиз қизариб кетган темир печга завқланиб, термулганча «Ҳа, яхши чўғ бўлар экан» деди роҳатланиб.
Бу нафақат бобомизнинг, балки бутун қишлоқдошларимизнинг данак ҳақидаги тушунчаси эди...
"КЎЧАГА МОЙЧИ КEЛДИ..."
Қишлоқда гап турмайди. Эмишки, қўшни маҳаллаларда тадбиркор йигитлар данак йиғишни бошлабди. Нафақат ўрикники, шафтолими, олхўрими, фарқи йўқ...
Гапхўрларга мавзу топилди. «Энди аччиқ данак ҳам пул бўлар эканда...» айрим билгирлар эса аччиқ данакдан қимматбаҳо дори тайёрланаётганидан қишлоқдошларини бохабар қилишди.

Шу тариқа бизнинг қишлоғимизга ҳам етиб келган тадбиркор йигитлар бу данаклардан мой ишлаб чиқаришини билиб олдик.
Кейинчалик «Холмамат данакчи» номини олган тадбиркор йигитнинг ўзидан олдин овозаси етиб келар ва одамлар йиғиб қўйган хомашёсини дарвозага олиб чиқадиган бўлди. Турли хил мойлар тайёрлаётган корхона маҳсулотини экспортга чиқара бошлагани ҳақидаги хабарлар сабаб, одамларга тўланаётган пул миқдори ҳам ошди.
Афсус, бу узоқ давом этмади. Орадан бир неча йил ўтиб, тадбиркор йигит учун йиғилган данаклар, кутишдан чарчаб яна печга тушиб, чўғга айлана бошлади...
ПАРИЖ ГЎЗАЛЛАРИ ҲАМ УНИ ҚАДРЛАЙДИ
Бугунги кунда данак мойларининг Европадаги импорти ҳажми ҳар йили ўртача 6 фоизга ошмоқда. Чунки бу маҳсулот турли соҳаларда, айниқса, косметикада кенг кўламда қўлланилади. Хусусан, Франция косметикада ишлатиладиган махсус данак мойларини сотиш учун энг йирик бозор. Бу мамлакатга импорт қилинаётган мойларнинг сал кам 10 фоизи ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Голландия ривожланаётган мамлакатлардан данак мойларини энг кўп миқдорда импорт қилувчи давлат бўлиб, бир неча йирик шифобахш мой ишлаб чиқарувчи ва уни қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар мавжуд. Данияда ҳам ўсимлик мойларини қайта ишловчи корхоналар беҳисоб.
Бельгияга бундай мойларни импорт қилишнинг умумий ҳажми йилига ўртача 6 фоизга ошиб бормоқда. Германия эса қимматбаҳо мойлар учун махсус савдо маркази ҳисобланади. Бу давлатга шифобахш мойлар асосан Голландия, Италия ва Австрия давлатларидан импорт қилинади. Италия, Буюк Британия ва Швейцария давлатларида ҳам бундай мойларга талаб юқори. Нега?

— Данак ва уруғлардан олинган мойлар инсон учун жуда фойдали, – дейди шифокор Элдор Юсупов. – Мисол учун, қовун уруғи мойи косметологияда кенг қўлланилади. Унинг таркибидаги моддалар зарарланган сочларни тиклаб, жилолантиради, юздаги ажинларга қарши яхши восита. Ёки қовоқ уруғидан олинган мойни олайлик, организмда холестерин камайишига ёрдам бериш билан бирга онкологик касалликларни олдини олади. Анор данаги мойи нафақат косметологияда балки медицинада ҳам кенг қўлланилади. Кучли вирусга қарши, микробга қарши курашиш хусусиятга эга. Кўриб турибмиз, ҳар бири ўзига хос хусусиятга эга. Шу боис ҳам Париж гўзаллари уларни қадрлайди.
Юртимизда минглаб гектар боғлар мавжуд бўлиб, уларда тонналаб ўрик, шафтоли, олхўри меваси йиғилишини ҳисобга олсак, бизнинг бу борада кўпгина очилмаган имкониятларимиз борлиги ойдинлашади.
«ТУЙНУГИН ОЧИБ, АЛАРНИНГ ҲОЛИДАН ОЛСАМ ХАБАР...»
— Ҳовлимизда бир туп ўрик дарахти бор, – дейди Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи 70 ёшли отахон Абдужаббор Умаров. – Ҳосилидан тайёрланган шарбатни қиши билан истеъмол қилдик. Данагини йиғиб қўйгандик. Қишнинг бекорчилик кунларида эрмакка чақсам, 25 килограмм чиқди. Бозорга олиб бориб, улгуржи харидорга ҳар килосини 19 минг сўмдан сотдим. Кимда бир туп, бошқада ўн туп ўрик борлигини ва буни қишлоқлар, туман ва вилоят мисолида кўрадиган бўлсак, аҳоли қанча даромад олишини ҳисоблаб кўраверинг. Экспортга ҳам бемалол чиқариш мумкин.
Келинг, ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз. Маълумотларга кўра, юртимизда йилига 435 минг тоннадан кўпроқ ўрик етиштирилса, унинг қуритиш ва экспортга йўналтирилганидан қолган қисмини 60 минг тоннаси данак экан ёки узумни олайлик. Йиллик рақамлар 1700 минг тоннадан ортиқ бўлиб, узум шодасининг 3 фоизи яъни 52290 тоннасини уруғ ташкил этади. Уни қайта ишлаш ҳисобига 941 тонна узум мойи ва 4400 тоннадан ортиқ кунжара олиш мумкин.

Полиз экинларидан қовуннинг уруғини йиғиш осон. Энг ширинининг уруғи экиш учун олиб қўйилади. Қолгани эса ташлаб юборилади. Деҳқонларимиз ҳар йили ўртача юз минг тонна ва ундан кўпроқ миқдорда қовун етиштиради, Қовун массасининг 3 фоизи уруғ бўлиб, 31,68 минг тонна уруғ таркибида 15,84 минг тонна мой мавжуд. Етиштирилган ҳосилнинг 34,6 минг тоннаси қайта ишлаш корхоналарига йўналтирилар экан. Бунда ҳосил бўладиган 1,1 минг уруғ қайта ишланса 330 тонна мой тайёрлаш мумкин. Лекин, ҳозирда асосий хомашё аҳоли истеъмолида бўлиб, алоҳида хўжаликларда кам миқдорда бўлгани учун исроф бўлмоқда. Натижада ҳар йили 9,5 минг тоннадан ортиқ қовун уруғи ташлаб юборилмоқда.
Бу каби ҳисобни юртимизда етиштирилаётган ҳар бир мева ёки полиз экини мисолида юритиш мумкин.
Аён бўлмоқдаки, эътиборсизлигимиз туфайли ҳар йили қимматли хомашёларни чиқинди сифатида ташлаб юбориш ҳисобига ўртача 250 — 300 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконият кўкка совурилмоқда. Агарда бу муаммолар бартараф этилса, уруғларни исроф қилмасдан қайта ишлашга йўналтиришга эришсак, йилига 16 – 18 минг тонна шифобахш мойлар ишлаб чиқариб, ички ва ташқи бозорга етказиб бериш мумкин.
ТОМА-ТОМА ПУЛ БЎЛАР...
Айни вақтда «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси нега бу масалада бепарволик қилаётгани, жойларда данак ва полиз экинлари уруғини қабул қилиш шохобчалари очилишига нима тўсиқ бўлаётгани билан қизиқдик.
— Бу муаммони ҳал этиш мақсадида зарурий чоралар кўрилмоқда, – дейди «Ўзёғмойсаноат» уюшмаси вакили Фахриддин Калонов. – Ушбу йўналишда инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, мева данаклари ва полиз маҳсулотлари уруғларини қайта ишлашга ихтисослашган 5 та корхона ишга туширилди. Шифобахш мой ишлаб чиқаришга мослашган кичик корхоналар ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Қайта ишлаш корхоналари аҳоли билан алоқалар ўрната олгани йўқ. Чунки, қишлоқларда бу хом ашёни қабул қиладиган шохобчалар барпо этиш ўзини оқламайди. Шунинг учун, узум, ўрик, олма шарбати тайёрлайдиган ва данакни чиқиндига чиқарадиган корхоналар билан шартнома қилиниб, улгуржи харид қилинмоқда.

Энди тасаввур қилинг, хонадонларда бир йилда қанчадан-қанча полиз маҳсулотлари истеъмол қилинади ёки ҳар бир томорқада камида иккита тупдан ўрик, шафтоли, олхўри бўлади. Баъзиларда ундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Демак, аҳоли қўлида бу хом ашё жуда кўп тўпланиб қолади. Шундай экан аҳоли орасида данак йиғиш маданияти шаклланса, шохобчаларга топшириб манфаат кўриши таъминланса ерда қолган қанчадан-қанча хом ашё фойдали маҳсулотга айланади.
Дунё бозорида талаб ва таклиф бор экан, биз ҳам шу йўлдан боришга ҳаракат қилиб кўришимиз керак. Энг муҳими, бунинг учун оғир меҳнат ҳам, елиб-югуриш ҳам талаб этилмайди. Фақатгина эътиборли бўлиш ва истеъмолдан ортган данак ва уруғларни эринмасдан йиғиш керак. Уни қайта ишловчилар ҳар бир қишлоқда бўлмаса ҳам туманда битта шохобча очиб қўйса ёки йилда бир марта қишлоқларни айланиб, одамларда қизиқиш уйғотса мақсадга мос келарди. Нима дедингиз?..