Мулкий масалалар нотариуслар муҳокамасида
Наманган шаҳрида Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан “Кўчмас мулк: расмийлаштириш, муаммолар, таклифлар” мавзусида нотариусларнинг иккинчи миллий конгресси бўлиб ўтди.
Тадбирнинг тантанали очилишида Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси Дилшод Ашуров, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда нотариат институти тубдан ислоҳ қилингани, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ошиб бораётганлигини таъкидлади.
Адлия, Нотариал палата, Кадастр агентлиги, Юристлар малакасини ошириш институти, вилоят суди масъуллари ҳамда Россия Федерацияси, Арманистон ва Озарбайжон давлатларидан таклиф қилинган хорижий экспертлар томонидан кўчмас мулкларни расмийлаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари, нотариал тасдиқланган битимлардан келиб чиққан низоларни ҳал этиш билан боғлиқ суд амалиёти, мулкка бўлган ҳуқуқни расмийлаштиришда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, кўчмас мулкни расмийлаштириш билан боғлиқ муаммолар ва таклифлар борасида сўз юритилди.
Тадбирда ҳар йили Наманганда анъанавий равишда ўтказилаётган Халқаро гуллар фестивалининг логотипи товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилгани маълум қилиниб, махсус гувоҳнома тантанали равишда тақдим этилди.
Ўзининг бадиий-мусиқали чиқишларини ҳавола қилган Давлатобод туманидаги 82-сонли умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиларига вояга етгунига қадар шахснинг ота-оналари ёки васийларига хорижга чиқишга розилик аризасини нотариал идораларда бепул расмийлаштириш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
– Йирик доирадаги экспертлар иштирокида кенг кўламда ўтказилган нотариуслар конгрессида олдимизда турган долзарб масалалар кўриб чиқилгани айни муддао бўлди, – дейди Андижон вилояти Асака туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Нодирбек Охунжонов. – Хусусан, кўчмас мулк дахлсизлиги, ер муносабатлари билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда реал вақт режимига ўтиш, тизимни тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча қоғозбозликка йўл қўймасликнинг ечимлари борасида таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Бу, энг аввало, нотариал соҳани янги сифат босқичига олиб чиқишига хизмат қилади.
Анжуманда битимларни расмийлаштириш борасида хорижий мамлакатлар тажрибаси билан ўртоқлашилди, кўчмас мулк билан ишлашда замонавий усулларни янада ривожлантириш ва жорий этиш истиқболлари белгилаб олинди.
[gallery-23703]
Иштирокчилар Чортоқ туманида жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳида ҳамда халқаро гуллар байрамининг асосий тантаналари ўтаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳам бўлишди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари