Президентимизнинг 2022 йил 28 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
– Янги фармон билан мулкдорларнинг ҳуқуқлари кафолатлари янада мустаҳкамланди, – дейди Бухоро вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Тойиров. – Жумладан, хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи бир қатор тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.
Турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида ҳам айрим ўзгаришлар бўлди. Турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш амалиёти бекор қилинди. Суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш тартиби ҳам мазкур фармон билан тугатилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди. UZKAD ахборот тизими билан кўчмас мулк объектларига оид маълумотлар юритилаётган барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилинади ҳамда реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви йўлга қўйилади. Кўчмас мулк билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш ва давлат рўйхатидан ўтказиш UZKAD тизимидаги маълумотлар асосида амалга оширилади, кўчмас мулк ҳақида ушбу тизимда бўлмаган бошқа маълумотларни талаб қилишга йўл қўйилмайди, маълумотларнинг ҳаққонийлиги давлат томонидан кафолатланади.
Жисмоний ва юридик шахсларга солиқларни ҳисоблаш, нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш, давлат хизматлари, банк, коммунал, суғурта ва бошқа оммавий хизматларни кўрсатишда кўчмас мулкка оид барча маълумотлар тегишли давлат органлари ҳамда хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан UZKAD тизимидан олинади. Энг муҳими кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилган ёзувлар ва кўчмас мулк объектлари бўйича “мулк тарихи”га оид маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлади ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фойдаланиш имконияти яратилади.
Янги тартибда кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган мол-мулк белгиланган тартибда аукцион орқали сотилганда кредиторнинг розилигига кўра, сотиб олувчига мулкнинг қийматини уч йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади. Мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш таъқиқланади.
Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасини, лойиҳада ушбу қонун қабул қилиниши муносабати билан Фуқаролик, Солиқ, Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Мақсад эса мазкур фармон билан мулк ҳуқуқининг дахлсизлиги, мулкий муносабатларга асоссиз аралашув ҳолатларини тўлиқ тартибга солиш, жисмоний ва юридик шахсларни мулкка бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашдир.
Зариф Комилов ЎзА