Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш (снос) билан боғлиқ муаммолар учрагани ҳеч кимга сир эмас. Бунга барҳам бериш, мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида кейинги пайтда муҳим қадамлар қўйилди.
Хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қатор тартиб ва талаблар бекор қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 24 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунга йўл очди.
Мазкур ҳужжат асосида жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш бекор қилинди. (Бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно).
Айтиб ўтиш керакки, мулкий ҳуқуқ кишилик жамияти ривожининг барча босқичларида ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган. Мулк ҳуқуқи ва мулкий муносабатлар ҳар бир даврда нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий, иқтисодий, ижтимоий мазмун касб этган.
Бозор муносабатлари шароитида мулкдор ҳамда тадбиркор ўзи яратаётган иш ўрни ва ишлаб чиқараётган маҳсулоти билан давлат ва жамият ривожи учун ҳисса қўшар экан, ўз навбатида, у ҳам ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари муносиб ҳимояланишига ҳақли. Бу борада унинг ўз фаолиятини тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, мулкдорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, уларнинг эртанги кунга ишончини ошириш мақсадида Президент ва тадбиркорларнинг очиқ мулоқоти йўлга қўйилгани диққатга сазовор.
Ер участкаларининг жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича республика компенсация жамғармаси ташкил этилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб мазкур жамғарма давлат реестрига ноқонуний ёки нотўғри маълумотларнинг киритилиши оқибатида уларга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарарни қоплаб беради.
Давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва хизматчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида мулкдорга етказилган ва суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарар тўланади.
Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарар ва маънавий зиён ўрни қопланади.
Яна бир жиҳатни алоҳида қайд этиш лозимки, янги кўчмас мулк объектлари сотиб олган шахслар кейинчалик мазкур мулклар гаровга қўйилгани, тақиққа олингани ҳақида хабар топадилар, баъзи ҳолларда сотиб олувчилар анчагина моддий зарар ҳам кўради.
Эндиликда мазкур фармон билан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига киритилган ёзувлар ва кўчмас мулк объектлари бўйича “мулк тарихи”га оид маълумотлар жисмоний ва юридик шахслар учун очиқ бўлади. Ҳақ эвазига бу маълумотларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш мумкин бўлади.
Фармон билан мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида, шу жумладан, зарурий мудофаа ҳолатида ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, гумон қилинувчи, айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан “Хабеас корпус” институти қўлланилади. Бунда суриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорлари судда кўрилади.
Хулоса қилиб айтганда, фармон хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга ва жамият ривожига хизмат қилади.
Маъруфжон Қурбонов,
ТДЮУ жиноят ҳуқуқи, криминология
ва коррупцияга қарши курашиш
кафедраси доценти в.б.
ЎзА