Мулк дахлсизлиги ва хавфсизлиги йўлида
Хусусий мулк инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Хусусий мулкка эгалик қилиш, яъни мулкдорлик ҳуқуқи эса халқимизнинг истиқлол туфайли эришган энг муҳим ҳуқуқларидан биридир.
Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади,
ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 54-моддасидан.)
Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 24 сентябрда қабул қилинган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни тартибга солишда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилаётир.
Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига тегишли бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишини тўла кафолатлайди. Қолаверса, аҳолининг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг мулкка эгалик қилишга бўлган интилиш ва имкониятларини кенгайтиради.
Фуқароларнинг мулкка эгалик ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича Андижон шаҳар ер мулк кадастр давлат корхонаси томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
– Фуқаролар ва хўжалик субъектларининг мулкка эгалик қилиш бўйича мурожаатлари, яъни мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш борасидаги ишлар "Бир ойна" тамойили асосида амалдаги қонун ва белгиланган тартиблар доирасида олиб борилмоқда, – дейди Андижон шаҳар ер мулк кадастр давлат корхонаси “Бир ойна” бўлими бошлиғи Сурайё Алиева. – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ тартиботлар сони ва муддати қисқарди, давлат рўйхатидан ўтказилган мулкнинг дахлсизлиги, хавфсизлиги, шу билан бирга, мулкдор ҳуқуқининг устуворлиги давлат муҳофазасига олинди. Қонунчиликда хусусийлаштириш натижасида вужудга келган мулк ҳуқуқи қайта кўриб чиқилмаслиги ва бекор қилинмаслиги белгиланган.
Дарҳақиқат, корхона томонидан давлат рўйхатидан ўтказилаётган мулкларнинг аксариятини кўчмас мулк, яъни ер участкалари, уй-жойлар, бино ва иншоотлар ташкил этади. Жумладан, жорий йилнинг дастлабки олти ойида 2 минг 583 уй-жой, 565 нотураржой бўлган бино ва иншоот давлат рўйхатидан ўтказилиб, эгаларига мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи тегишли ҳужжат ва гувоҳномалар тақдим этилди. Бундан ташқари, уй-жой ва нотураржойларни ижарага бериш, ҳадя қилиш ва олди-сотди бўйича 1 минг 249 ижара ва тўлов шартномаси рўйхатга олинди.
– Президентимиз раҳнамолигида биз, тадбиркорлар учун кенг имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда, – дейди Андижон шаҳридаги “Дельта текс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Н.Қосимов. – Шаҳар ҳокимлиги томонидан омборхона ва маъмурий бино қуриш учун ажратиб берилган ерда бино қуриб, ишга туширдик. Тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, шаҳар ер мулк кадастр давлат корхонасига тақдим этдик. Қисқа муддатда ана шу бинога бўлган эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномани олдик. Бу жараёнда соҳа мутахассислари бизга зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.
Андижон шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган мулкларнинг электрон маълумотлар базаси шакллантирилган. Юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк билан боғлиқ ҳужжатлари интернет орқали давлат рўйхатидан ўтказилишини йўлга қўйиш, ер кадастри дафтарини юритиш бўйича маълумотлар базаси мунтазам янгилаб борилишини таъминловчи дастурни ишга тушириш борасида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.