Мукофот янада масъулият юклайди
Президентимизнинг фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ва уни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, жамоат ишларида фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди.
Бухоро вилоятидан ҳам 15 нафар фаол давлатимизнинг ана шундай юксак мукофотларига сазовор бўлди. Тақдирланганлар сафида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар ходимлари, ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқлари илғорлари, илм-фан, таълим соҳалари фидойилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, жасоратли ватандошларимиз ва маҳалла тизими ходимлари бор.
Бухорода мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими ўтказилди. Унда давлат мукофотлари билан тақдирланганлар, секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов йиғилганларни мустақиллик байрами билан қутлади. Мукофотланганларни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди. Ушбу эътироф юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати юксак қадрланиши, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиёти, соғлом авлод тарбияси, юрт равнақи йўлида фидойилик кўрсатаётган юртдошларимизнинг меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслигининг ўзига хос намунаси эканлиги таъкидланди.
[gallery-19004]
–-Давлат раҳбари томонидан менинг камтарона меҳнатим юксак орден билан мукофотланди, –дейди II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, Бухоро давлат университетининг Ўзбек тилшунослиги ва журналистика кафедраси профессори Меҳринисо Абузалова. –Бу мукофотни менинг жамоамга берилган мукофот деб биламан. Бу менга яна ҳам масъулият юклади. Ёш авлодни тарбиялашда билимимни аямайман.
Тадбирда давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари