Мукофот менга юксак масъулият юклайди
Кейинги йилларда мамлакатимизда деҳқон ва фермерлар, ҳунарманд ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Қолаверса, одамларнинг муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, инсон қадрини, меҳнатини улуғлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бугун инсон меҳнатига бўлган юксак эътиборни яна бир бор ҳис этдим. Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирландим. Кўрсатилган юксак ишонч ва эътироф мен учун катта шараф бўлди.
Мен раҳбарлик қилаётган “Бурхон” фермер хўжалиги 1997 йилда ташкил этилган. Кейинги бир неча йил давомида 40 нафардан ортиқ доимий ва мавсумий аъзоларимиз билан 30 гектар майдонда ғалла, 30 гектар майдонда пахта етиштириш бўйича деҳқончилик қилиб келамиз. Ҳозирда ўзимизнинг замонавий ҳайдов, чопиқ ва универсал тракторларимиз, уларга бириктириладиган зарур воситаларимиз бор. Ушбу техникалар ишимизни енгиллатиш билан бирга, иш унумдорлигини бир неча баробарга оширмоқда.

Жорий йилда ғалланинг ҳар гектаридан 70 центнердан ҳосил олдик. 30 гектар майдонга Хитойнинг “Xin Lu Zao 52” навли чигит уруғи экилиб, мўл ҳосил етиштирилди.
Муваффақиятларимиз замирида фаолиятимизга илғор иш услубларини жорий этиш муҳим роль ўйнамоқда. Жумладан, 24 гектар майдонга томчилаб суғориш технологияси жорий этилди. Сув насосларини ишлатиш учун дала шийпонимизга қуёш панели ўрнатганмиз.
Шунингдек, хўжалик аъзолари билан биргаликда хўжалигимиз жойлашган Олчазор маҳалласидаги бир қатор эҳтиёжманд оилаларнинг турли муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқдамиз.
Эришаётган ютуқларимизда хўжалигимиз жамоасининг ҳар бир аъзоси муносиб ҳисса қўшмоқда. Қўлга киритилаётган натижалар замирида уларнинг фидокорона ва машаққатли меҳнати мужассам. Шу боис менга берилган мукофотни бутун жамоамизга кўрсатилган юксак эътироф, деб қабул қиламан.
Меҳнатим муносиб баҳоланганидан қалбимдаги қувонч туйғуларини сўз билан ифодалаш қийин. Эртаю кеч, тинмай қилинган меҳнатларим эл-юрт ва кенг жамоатчилик орасида эътироф этилаётгани мен учун катта мамнуният бағишлайди. Энг муҳими, одамларга ва юртимга наф келтираётганим, Ватан равнақи йўлида меҳнат қилаётганимдан фахрланаман. Оддий фермер учун бундан улуғ мақсад бўлмаса керак.
Кўрсатилган юксак ишонч менга янги куч ва шижоат бағишлаб, зиммамга катта масъулият юклайди. Келгусида ҳам Президентимиз ишончига муносиб жавоб қайтариш, юртимиз равнақи, қишлоқ хўжалиги ривожи ва халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида янада фидокорона меҳнат қилишга бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.
Бурхонжон Жабборов,
Балиқчи туманидаги “Бурҳон” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари.
ЎзА