Мукофот ишонч ва масъулият юклайди
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни

Аёл – нафис хилқат. У чексиз меҳр-муҳаббатга муносиб. Шу боис, юртимизда аёллар азалдан улуғлаб келинган. Буни гўзаллик ва янгиланиш фасли бўлган баҳор кириб келиши билан юртимизда энг биринчи байрам сифатида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланишидан ҳам кўриш мумкин.
Зеро, инсон қадрини улуғлаш, аввало, азизу мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади. Шу маънода, Мир Алишер Навоий бобомизнинг, жаннат боғидан баҳрамандлик истар экансан, аввало, мунис онани рози айлагин, деган сўзларини биз энг эзгу даъват сифатида қабул қилганмиз.
Қолаверса, юртимизда меҳнаткаш, олижаноб халқимиз, биринчи навбатда, хотин-қизларимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган.
Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, опа-сингилларимиз учун янада кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунинг тасдиғини биргина мисол, яъни сайлов кодексимизда депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги мустаҳкамлаб қўйилганлигида ҳам кўриш мумкин. Бугун ҳеч шубҳасиз айтишим мумкинки, қонунчилигимизга киритилган ушбу ўзгартириш сабаб 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтган сайловларда мен каби кўплаб хотин-қизларимиз сайловчилар ишончи билан депутат бўлиб сайланиш бахтига муяссар бўлдик.
Агар хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 20 фоизни ташкил қилган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 35 фоизга етди. Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар сабаб, сўнгги 5 йил ичида ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 200 мингдан ошди.
Шу билан бирга, жойларда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди. “Аёллар дафтари” ташкил этилиб, ушбу дафтарга киритилган минглаб хотин-қизларимизнинг ўз соғлиқларини тиклашлари, олий таълим олиши ва уй жойли бўлишида кўмаклашиб келинмоқда. Бунинг учун ҳар бир туман-шаҳар ва маҳаллаларда аёллар муаммолари билан шуғулланувчи алоҳида ходимлар фаолияти йўлга қўйилган.
Умуман олганда, бу каби ижобий ўзгаришларга минглаб мисоллар келтириш мумкин. Аҳамиятлиси, ушбу ўзгаришларнинг барчасини бугун юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир хотин-қиз ўзининг кундалик иш фаолияти ва турмуш тарзида ҳис қилиб яшамоқда.
Яна бир муҳим жиҳат, баҳор фаслининг илк кунларида, ўзининг иқтидори, муҳим ғоя ва ташаббуслари, ибратли амалий ишлари ва эришган ютуқлари билан ёшларга ўрнак бўлиб келаётган, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватанимиз равнақи йўлида бор куч-ғайрати, замонавий билим ва малакасини намоён этаётган қизларимизнинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланишидир. Бу йил ҳам бир қатор фаол қизларимиз ушбу мукофот билан тақдирлади.
Шунингдек, жорий ҳафтада қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Президентимиз фармони билан ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, юқори касбий малакаси ва маҳорати билан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол қатнашиб келаётган опа-сингилларимиз ҳам мукофотланди.
Мукофотланганлар орасида борлигим, камтарона хизматларим давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиб, II даражали “Соғлом авлод учун” орденига муносиб кўрилганим нафақат менинг балки, мен билан бир жамоада фаолият кўрсатиб келаётган минглаб аёлларимиз ва партиядошларимнинг ютуғи деб биламан.
Қолаверса, бугун шундай нуфузли мукофотни шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзларидан қабул қилиб олганлигим ва қалбимдан кечаётган қувонч ва туйғуларни оддий сўз билан ифодалаб бўлмайди. Мана шундай тинч ва осуда, аёллари эъзозда бўлган юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.
Ушбу эътироф зиммамга катта масъулият ва ишонч юклайди. Эндиликда ўз устимда яна ҳам кўпроқ ишлаб, мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар натижадорлигини янада оширишда бор куч ва имкониятимни ишга соламан.
Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари
қўмитаси аъзоси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси.
ЎзА