Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Миртемир таваллудининг 115 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман иштирокчилари дастлаб пойтахтимиздаги “Чиғатой” қабристонига бориб, устоз ижодкорлар, шу жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Миртемир домла мангу қўним топган масканни зиёрат қилди.
Ҳассос шоир ижодига бағишланган анжуманга адабиётшунослар, олимлар, шоирлар, талаба-ёшлар, Миртемирнинг яқинлари, қариндошлари таклиф этилди.
[gallery-23598]
Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо Миртемир ҳақиқатга, ўз эътиқодига, адабиётга садоқати, эркин сўзига эга қаламкаш, қаттол тузум даврида кўплаб шогирдларга меҳр ва эътибор кўрсатган ижодкор сифатида ғоят қадрли эканини таъкидлади.
– Миртемир бир умр ўз халқининг дарди ва унинг армонлари билан яшаб ижод қилган шоирдир, – деди уюшма раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Ўтган ХХ аср адабиётининг устоз Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор сингари вакилларини қандай ҳурмат ва эҳтиром билан ёдга олсак, устоз Миртемир ҳам ана шундай забардаст ижодкорлар билан бир сафда бўлган бетакрор қаламкаш эди. Домла фариштадек хокисор, оддий, инсоф-диёнатли, камтарин, ёш ижодкорларга, умуман, одамларга жуда меҳрибон инсон эди. Даврлар ўтди, лекин Миртемирнинг наволари ўша-ўша. Устоз Миртемирнинг ижоди халқ ижодиёти, меросидан тўйинган эди. Унинг шеърлари бугунги ёруғ кунларнинг орзуси, илҳақлиги билан ёзилган ижод намуналаридир.
Адабий анжуманда Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер, адабиётшунос олим Сувон Мели, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли шоира Шарифа Салимова, ёзувчи ва публицист Олмосхон Аҳмедова, адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов Миртемирнинг нечоғли халқпарвар, шогирдпарвар, камсуқум ва айни пайтда ижоди унча-мунча шоирлардан бир эмас, бир неча поғона баланд шоир бўлганини алоҳида эътироф этди.
– Миртемир домладек содда, самимий, хокисор, қалби уммонларга тенг ижодкорни топиш мушкул, – деди атоқли шоира Шарифа Салимова. – Домла шоир, ёзувчи ва шу билан бирга моҳир таржимон ҳам эдилар. Уларнинг бир қатор таржима шеърлари адабиётга мухлис бўлган инсонларнинг ҳамон қалбида ўрнашиб қолган. 60-йилларда ғамгин руҳдаги шеърларни нашр этиш тавсия этилмасди. Миртемирнинг ўз онасига бағишланган “Ғашлик” шеъри бир неча жойларда чоп этилмай қолади. Аслида бу шеър оналарга бўлган меҳр ва изтиробга лиммо-лим эди. Шеър номланиши муаллифнинг розилиги билан Зулфия томонидан “Онагинам” деб ўзгартирилади ва у “Саодат” журналида босиб чиқарилади.
– Ўтган асрнинг 70-йилларида Тил ва адабиёт институти адабиёт марказига айланган эди, – деди адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов. – Миртемирнинг ўзи ёзган ижод намуналаридан кўра, таржима асарлари кўп. Бу ҳам бўлса, ўша зуғумли тузумнинг ижодкорлар бошига солган оғир кунлари билан чамбарчас боғлиқдир. Негаки, ижодкорнинг ҳар бир сатридан йўқ ердаги айбларни топиш ўша замонга хос эди. Миртемир домла шеърият намуналарини ўз аслиятидан ҳам юксакроқ даражада таржима қилар эдилар.
Дарҳақиқат, шоирнинг фарзанди Мирзо Турсуновнинг айтишича, 80-йиллар бошида Миртемир хонадонига атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматов ташриф буюради. У “Манас” достонини Миртемир аслиятидан ҳам яхши ва мукаммал таржима қилганини алоҳида миннатдорлик билан эътироф этган эди.
Маълумотларга кўра, Миртемир Умирбекович Турсунов 1910 йил 30 майда Қозоғистоннинг Чимкент вилояти, ҳозирги Туркистон туманининг Иқон қишлоғида туғилган. Шоир Миртемир тахаллуси остида ижод қилган. Эски тартибдаги мактабда ўқиган, 1921-1923 йиллар Тошкентдаги Алмаий номидаги мактаб-гимназияда таҳсил олган.
1932 йил Самарқанддаги Педагогика академиясининг ижтимоий-адабиёт факультетини тамомлаган. 30-йилларнинг қора кўланкаси унинг ҳам бошига кўп оғир кунларни солган. Миртемир номаълум сабабларга кўра, қатағон қилинган.
Тез орада озод этилган, нашриётларда, театрда, газетада муҳаррир бўлиб ишлаган. У турли ўқув муассасаларда дарс берган, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси маслаҳатчиси бўлган. Шоир бу ёруғ оламни 1978 йил январь ойида тарк этган. 1979 йилда Миртемир “Тоғдай таянчим” асари учун Ҳамза номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига кўра, 2001 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Унинг “Шуълалар қўйнида” (1928), “Қайнашларим” (1931), “Пойтахт” (1936), “Қасд” (1944), “Янги шеърлар” (1947), “Сараланган асарлар” (1958) ва бошқа китоблари, “Мени эсла”, “Айтишларича, шаҳримда бир гўзал бор”, “Киприкларим”, “Сени безовта қилмайман”, “Портрет”, “Ғалаба” (1929), “Бонг” (1932), “Барот” (1930), “Хидир” (1932), “Дилкушо”, “Сув қизи” (1937), “Ойсанамнинг тўйида” (1938), “Кўзи” (1939) каби шеърлари адабиётнинг чин мухлисларига яхши таниш. Миртемир Пушкин, Некрасов, Руставели, Абай, Махтумқули ва Бердақларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Анжуманда Миртемир ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди. Шоирнинг фарзандлари ва неваралари ижодкор хотирасини ардоқлаш борасидаги эътибор учун миннатдорлик билдирди.
Назокат Усмонова,
Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА