Муҳокама билан мақсадга эришиб бўлмайди
Бугунги куннинг энг долзарб масаласи экология бўлиб турибди. Бутун дунё иқлим ўзгараётганидан хавотирда. Хусусан, пойтахтимиз ҳавоси ҳам ҳавас қиларли ҳолда эмас. Хўш, бунга қарши чоралар қўлланяптими? Албатта, масъуллар мутахассислар кўрсатмаси асосида иш олиб боришмоқда. Аслида бунга ҳар биримиз масъулмиз.
Бир нарса аниқки, муҳокама билан мақсадга эришиб бўлмайди. Қачонки мулоҳаза қилсакгина натижага эришмоғимиз мумкин.
Аввало, фарзанд тарбиясида аҳамият беришимиз лозим бўлган омиллар борки, инкор этиб бўлмайди. Уларда табиатга муҳаббат, жониворларга нисбатан тўғри муносабатда бўлиш каби муҳим кўникмаларни шакллантирмоғимиз зарур.
Негаки, айни кунларда айримларнинг хазон ёқаётганларига кўпчилигимиз гувоҳ болмоқдамиз. Гарчанд, бу қонун бузилишига олиб келишини билсак-да, ўзбекчилик юзасидан кўз юмаётганлар ҳам афсуски талайгина. Бирор сабабга кўра, қайсидир давлат ташкилотининг дарахт кесганига кескин эътирозлар намойиш қилаётган кишилар, наҳотки табиатни, инсонларни заҳарлаётганлардан норози бўлишмаса!?
Ёмон иллатларни эҳтимол бутунлай йўқотиб бўлмас. Аммо уларнинг кенг илдиз отиб кетишининг олдини олиш мумкин-ку. Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, талабалар орасида ҳам ҳатто устозлар олдида ҳали чекиб тугатмаган сигаретасини кўча ёқасига ташлаб кетаётганлари учрайди. Улар мактаб ўқувчилари эмаски, бунинг ачинарли ҳоллигини кимдир уқтирса.
Шундай экан, ҳар биримиз жамиятнинг бир аъзоси сифатида ўз хулқимиз, хатти-ҳаракатимиз билан бу каби иллатларнинг кучайиб кетмаслигига қарши курашмоғимиз талаб этилади.
Зеро, буюк мутафаккир бобомиз: “Ўз вужудинға тафаккур айлагил, Ҳар не истарсен ўзингдин истагил” дея бежиз таъкидламаган.
Шербек Исломов, ЎзА