Муҳаррирлар қиролининг ижод мактаби
Устоз ҳақида сўз
Кексаликнинг навқирон ёши. Таклифномани ўқидиму, Аҳмаджон ака нақадар топқир инсон эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Саксон ёш – улуғ довон. Айримлар бу ёшда “энди қариб қолдик, бу ёғига нима ҳам бўлардик” деб, бутун умрини сарҳисоб қилиш билан чекланади. Аҳмаджон ака эса кексаликнинг мана шу навқирон палласида ҳам ҳамон ижод, илм ва изланишда ёшларга ўрнак бўлиб, яшаш завқи билан меҳнат қилмоқда.

Менинг устоз билан илк танишувим 1988 йилга бориб тақалади. Ўшанда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида иш бошлаганимга ҳали кўп бўлмаганди. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров бош муҳаррир эдилар. Кунларнинг бирида Аҳмаджон Мелибоев ушбу нуфузли нашрга бош муҳаррир этиб тайинланди. Ўша пайтлар ҳатто энг ғайратли ва тажрибали раҳбар учун ҳам бу даргоҳда бир текис ишлаб кетиш мушкул эди. Чунки бу нашр республика зиёлилари, забардаст адиб ва ижодкорларнинг ягона ва асосий минбари ҳисобланарди. Янги муҳаррир келиши билан газета олдига улкан вазифалар қўйилди ва иш қизғин паллага кирди.
Газета ҳафтада бир марта нашр этилар, бироқ шиддатли ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни ўз вақтида ёритиш ва ўқувчига ўз сўзини тезкорлик билан етказиш бирмунча мураккаб вазифа эди. Шуларни ҳисобга олиб, “Муҳаррир минбари” номли янги рукн очилди. Шундан сўнг “Жумадан жумагача”, “Тилга эътибор – элга эътибор”, “Шахсий мулоҳаза”, “Куюнчак газетхондан мактуб”, “Она сайёра – қўриқхона”, “Баҳс” сингари рукнлар остида жамиятда юз бераётган ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий, адабий ва илмий баҳсли мунозаралар, табиатни асраш, инсон манфаати ва ёшларга оид долзарб мақолалар, очерклар, ҳикоялар, таҳлилий кузатувлар ҳамда давра суҳбатлари ўз ўқувчиларини топди. Таҳририятда фаолият юритаётган ижодкорлар муҳаррир билан бир тану бир жон бўлиб, муштарийларга мазмунли ва ўқишли нашр тақдим эта бошлади.
Бир куни Гулчеҳра опа хурсанд бўлиб хонага кириб келди: “Мана буни қаранг, мақолам муҳаррирдан учта қўшув белгиси билан чиқибди!”. Мақолада муҳаррирнинг имзоси ва битта катта “плюс” (+) белгиси қўйилган эди. Аҳмаджон акада ходимлар меҳнатини қадрлаш ва уларга муносабат билдиришнинг мана шундай ўзига хос усуллари бўларди. Аслида “Яхши мақола бўлибди, чиройли ёзибсиз” деган сўзни шунчаки айтиб қўйиш ҳам мумкин, лекин биргина белги орқали эътироф этиш ижодкорга ўзгача кўтаринки руҳ бағишлашини устоз чуқур ҳис этарди.
Аҳмаджон ака таҳририятга келаётган мактублар, улардаги мақола, шеър ва таклиф-мулоҳазаларни асло бефарқ қолдирмасди. Шунга бир мисол: водийлик бир кекса отахон газетага ҳозирги турмушимизга шукроналик акс этган бир дона шеър жўнатибди. Отахон “Шеъримизни қачон чоп этасиз?” деб таҳририятга тинимсиз қўнғироқ қиларди. Аҳмаджон аканинг айтишича, аслида шеърда “шеърнинг сиёҳи” йўқ эди. Шунга қарамай, отахоннинг сазаси ўлмасин деб, шеърни бошдан-охиригача қайта ёзиб, газетада чоп эттирди. Бир куни отахон яна сим қоқиб, узоқ салом-алик ва тагдор раҳматлардан сўнг шундай дебди: “Аҳмаджон, шеъримизни босиб жуда яхши иш қилдингиз, мартабамиз улуғ бўлиб кетди, сизга раҳмат, дунё тургунча туринг. Фақат бир нарсага тушунмадим: мени ўзимни ёзган шеъримни қачон чоп этасиз?”. Газетанинг сўнгги саҳифасидаги “Газетхон илҳоми” номли рукн айнан шу мақсадда ташкил этилган эди.
Газета саҳифаланадиган кунлари Аҳмаджон ака котибиятга келиб: “Қайси саҳифада қанча жой бор?” деб сўрардилар. “Биринчи саҳифада уч қоғоз, бешинчи ва олтинчи саҳифаларда бир ярим-икки қоғоздан жой бор”, десам, “Тушликдан кейин материалларни оласиз”, деб чиқиб кетардилар. Айтилган ҳажмдаги материаллар ўз вақтида саҳифага тушарди. Устознинг доим хоналарида, компьютер олдида ижод билан машғул бўлганларини кўп кузатганман.
Биринчи апрель – кулги кунига таҳририятда алоҳида тайёргарлик кўриларди. “Шум боланинг чойхонаси” рукни шу куни ҳақиқий байрамга айланарди. 2008 йили бу сана ўзгача нишонланди. Газета саҳифаланадиган кун, режадаги материалларнинг ҳаммаси тахт, лекин Аҳмаджон ака ваъда қилган мақоладан дарак йўқ. Секин хоналарига кириб: “Аҳмаджон ака, мақолангиз тайёр бўлдими?” деб сўрадим. “Ҳажми катталашиб кетяпти. Ҳозирча бошқа саҳифаларни жойлаб туринг. Мақолани пешиндан кейин оласиз, келишдикми? Фақат катталиги сабаб иккинчи саҳифадан бошлаб, давомини олтинчи саҳифага жойлайсиз. Иккита сурат ҳам бўлади”, дедилар.
Эртасига тушликдан сўнг мақола ва суратни қўлимга олдим. Сарлавҳаси: “Жозе МАУРИНЬО: Ҳаёт – футбол майдони”. Мақолани ўқиб рости ҳайрон қолдим. Ахир сўнгги саҳифа кулги кунига бағишланган бўлса, бу жиддий суҳбат бўлса – тушунолмай қолдим. Мақола ичида португалчадан Рустам Мусурмон эркин таржима қилган шеър ҳам бор эди. Хуллас, мақолани иккинчи саҳифадан бошлаб давомини сўнгги саҳифага жойладик. Бу дунёга машҳур футбол мураббийси Жозе Мауриньо билан суҳбат эди. Саҳифада Мауриньонинг ўзбек дўпписини кийиб тушган сурати ҳам бор. Аҳмаджон ака ўшанда: “Шу десангиз, ўғлим Мауриньога дўппини яхши қўндиролмадими, дейман-да. Компьютер дегани бало нарса экан-да. Бундан ўттиз йил олдин бизга етиб келганидами, қандай газета чиқаришни ўйлаб ҳам ўтирмасдик – битта тугмани боссанг, ўйлаганинг намоён бўлади-қолади”, деб ҳазиллашдилар. Суҳбат аслида ҳазил тариқасида бўлиб, барча учун кутилмаган совға бўлиши мўлжалланган экан.
Кечга яқин газетани сўнгги пардозлаш ишларини якунлаш мен билан Жамшиджонга қолди. “Жамшид бўлинг, энди босмахонага узатинг”, дедим. У бироз ўйланиб турди-да: “Бир фикр айтсам, нима дейсиз? Шу суратни қайта ишласак. Чунки сурат унча сифатли эмас, бошқачароқ тайёрласам”, деди. Шунда ҳаёлимга бир фикр келди: “Тўхтанг, шу Мауриньонинг ёнига Аҳмаджон акани ҳам жойласак-чи?”. “Бўлади, жойлаштирайми?” – деди Жамшид. Аҳмаджон аканинг яқин дўсти билан тушган сурати бор эди. Жамшид усталик билан ўша суратдаги дўстининг ўрнига Мауриньони жойлади. Газетани босмахонага топширдик-да, уй-уйимизга йўл олдик.
Эртасига ишга барвақт келдим. Котиба қиз: “Сизни Аҳмаджон ака уч-тўрт маротаба сўрадилар, кирар экансиз”, – деди. Ўзимга-ўзим: “Хўш, Асрорбой, ишдан кетишга тайёргарлик кўравер”, дедиму ҳузурларига аста кирдим. Аҳмаджон ака бугунги газетанинг сўнгги саҳифасига тикилганча сукут сақлаб ўтирарди.
– Эрталаб Мамасоли аканинг ошида бўлдик, – деб гап бошлади устоз. – Ўша ерда газетанинг таъсир кучи ва тезкорлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Ҳамма янги сон билан табриклади. Шунда бир танишим: “Мауриньо билан ўша меҳмонхонада суратга тушганмидингиз?” деб сўраб қолди. “Қандай сурат?” десам, газетадагини айтяпти. Сир бой бермай, “Ҳа, ўша ерда”, деб қўя қолдим. Хаёлим эса газетадаги суратга кетди. Келиб саҳифага қарасам, мана, Мауриньо билан ёнма-ён турибман. Бу кимнинг иши?
– Шу десангиз, ҳазил бўлса ҳазилда деб, сиздан кейин суратни ўзгартирган эдик, – деб айбимни тан олдим.
Аҳмаджон ака жиддий қиёфадан аста чиқиб, мулойимлашди: “Яхши, лекин бир оғиз маслаҳатлашиш керак эди. Бошқа такрорланмасин”, деди. Шундагина елкамдан тоғ ағдарилгандек бўлди. Орадан кўп ўтмай, уч-тўртта бошқа нашрлар ҳам ушбу “шов-шувли” мақолани биздан кўчириб босди.
Бунга ўхшаш воқеалар таҳририят ҳаётида тез-тез учраб турарди. Ходимларнинг оилалари билан борди-келди қилиш, уларнинг яхши-ёмон кунларида елкадош бўлиш, байрамларда бутун жамоани бир дастурхон атрофида бирлаштириш Аҳмаджон аканинг севимли ишлари сирасига киради. Газетанинг эллик йиллик тўйи тантаналари кенг нишонланишида ҳам устоз алоҳида жонбозлик кўрсатди. Зеро, кекса муҳаррирлар ва доимий муаллифларни бир пиёла чой устида жам қилиш катта куч ва юксак ташкилотчиликни талаб қилади.
Аҳмаджон ака муҳаррирлик фаолияти билан бир қаторда бадиий ижодда ҳам салмоқли из қолдирмоқда. У кишининг “Қирқ бешинчи бекат”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Хотин йўғида”, “Сафед булон ҳикоялари...”, “Умр — учар юлдуз”, “Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўлмайди”, “Ҳуштакни ким чалади”, “Сувора соғинчи”, “Ўзингни ўзинг бошла”, “Асрларга татигулик умр” каби китоблари бугунги кунда китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда.
Устоз бугун ҳам жўшқин ижод билан машғул. “Муҳаррирлар қироли” дейишга лойиқ Аҳмаджон акага биргина тилагимиз: ижоддан чарчаманг! Модомики ижод давом этар экан, демак, ўқувчилар ҳали кўплаб янги асарларни мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлади. Кексаликнинг навқирон ёши муборак бўлсин!
Асрор Сулаймонов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА.