Бугунги кунда мамлакатимизда инвестиция дастурларини амалга ошириш кўламини янада кенгайтириш, жаҳон меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган муҳандислар етишмаслиги муаммосига институционал ечим излаш, муҳандислик таълимини ривожлантириш олий таълим олдидаги устувор вазифалардандир.
Сўнгги 7 йилда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси стратегик шериклигида таълим-фан, иқтисодиёт, транспорт, саноат, аграр соҳада стратегик ривожланишга эришилди. Жумладан, илғор муҳандислик мактабларини яратиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича инновацион тажрибалар амалий татбиқ этилиб, қўшимча қиймат яратишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон-Россия саноат келишувларида замонавий ишлаб чиқариш учун фойдали бўлган турли ноу-хау, технологик жиҳозлар, машиналар, технологияларни ишлаб чиқиш ривожланиб бормоқда.
Хусусан, жорий йил 24 май куни Ўзбекистон ва Россия муҳандислик-техника соҳаларига ихтисослашган олийгоҳлар ўртасида «Илмий-техника тараққиёти шароитида олий техник таълим истиқболлари» мавзусида форум бўлиб ўтди.
Мазкур анжуманда Россиянинг фан ва олий таълим вазирилиги тасарруфидаги 30 га яқин муҳандислик-техника соҳаларига ихтисослашган нуфузли олий таълим муассасалари ректорларидан иборат делегация иштирок этди. Ўзбекистондан эса 35 дан ортиқ олий таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар масъуллари қатнашгани билан аҳамиятли бўлди. Форумда глобаллашув шароитида юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлаш, академик мобиллик ва меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинадиган йўналишлар, мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш истиқболли экани илгари сурилди.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги фаол инновацион лойиҳаларни амалиётга конуструктив татбиқ қилиш, қўшма таълим дастурларини босқичли кенгайтириш, академик алмашинув ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ва «Илғор муҳандислик мактаблари»ни институционал ташкил этишда халқаро талабларни ўрганиш кўриб чиқилди.
Мазкур форумнинг асосий мақсади бўлган муҳандис кадрлар тайёрлашни такомиллаштиришнинг институционал ечимини топиш истиқболдаги вазифаларимизни белгилаб берди. Бу жараёнда ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида академик таълим ва илмий лойиҳаларнинг узвийлигини биргаликда таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, икки мамлакат президентларининг саъй-ҳаракатлари ва яратилган иқтисодий, ҳуқуқий шароитлар туфайли бугунги кунда Россия Ўзбекистоннинг асосий стратегик ва етакчи ҳамкорлари даражасига айланди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Россия Федерацияси билан ташқи савдо айланмаси 2023 йилда 16 фоизни, биргина Бухоро вилоятида эса 23,3 фоизни, туристик ташрифлар бўйича 10,8 фоизни ташкил этган.
Айни пайтда Бухоро вилоятида Россиянинг 56 та корхонаси фаолият юритмоқда, уларда 5 мингга яқин киши меҳнат қилмоқда. Бу 5 минг оиланинг турмуш фаровонлиги ошди дегани. Ушбу рақамлар ортида Президентимизнинг фаол ташаббускорлиги, оқилона дипломатик ташқи сиёсати мужассам. Бугунги кунда вилоятда «Алабуга» махсус индустриал зонаси билан биргаликда «Бухоро махсус саноат парки»ни очиш режалаштирилган. Мазкур боққа 60 миллион доллар миқдорида хорижий сармоя жалб этиш режалаштирилган. Иқтисодий фаол муносабатлар икки томонлама кооперациялар ва кластерларни, қўшма корхоналарни кенгайтиришда кадрлар тайёрлашга катта эҳтиёж борлигини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, форумда Бухоро муҳандислик-технология институти томонидан талаб ва эҳтиёж асосида муҳандис кадрлар тайёрлаш борасида келишувларга эришилди.
Маълумот учун айтадиган бўлсак, Бухоро муҳандислик-технология институти 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 8 та факультет ва 36 та кафедра мавжуд, 54 та бакалавриат йўналиши ва 19 та магистратура мутахассислиги бўйича таҳсил олаётган 15 мингга яқин талабага сифатли таълим бераётган 600 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият юритади. Институтнинг илмий салоҳияти 43 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, институтда 8 та мутахассислик бўйича 4 та илмий кенгаш, академик лицей, иккита техникум, 13 та илмий-тадқиқот маркази, иккита илмий лаборатория, 1 та технопарк фаолият кўрсатиб, «Фан ва техника тараққиёти» илмий журнали чоп этилмоқда.
Шу кунга қадар Россия кимё-технология, Менделеев номидаги Россия давлат университети, Қозон федерал университети, Белгород давлат миллий тадқиқот университети ҳамда Москва давлат технология университети, Дон давлат техника ва Новосибирск давлат техника университетлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Ҳозирда мазкур олийгоҳлар билан 200 нафар ходимнинг академик алмашинуви йўлга қўйилган, 12 та бакалавриатда қўшма таълим дастурлари ташкил этилган, 5 та магистратура мутахассисликлари бўлиб, уларда 300 нафар талаба таҳсил олади.
Бўлиб ўтган анжуман давомида Қозон федерал университети ва Новосибирск давлат техника университети билан «Илғор муҳандислик мактаби»ни ташкил қилиш бўйича қатор янги келишувларга эришилди.
Дарҳақиқат, Россия ОТМлари интеграциялашуви натижасида институтимизда муҳандис кадрлар тайёрлаш жараёнини такомиллаштириш борасида қўшма дастурлар асосида бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 200 дан ортиқ йирик иш берувчиларнинг талабларини ўрганиш асосида 17 та янги замонавий муҳандислик мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш бошланди.
Россия, Хитой, Беларусь, Туркия, Корея ва Германиянинг 20 дан ортиқ нуфузли университетлари билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари йўлга қўйилиб, ECAMPUZ, ERASMUS+ ва GIZ халқаро грант лойиҳаларида иштирок этмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, таълимни амалиёт билан боғлаш мақсадида 1 миллион 250 минг евро миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинган.
Истиқболли қўшма лойиҳаларда 2023 йилдан институт Россия Техник университетлари ассоциациясига аъзо бўлиш баробарида энергетика, метрология ва нефть-газ саноати соҳасида учта илмий лаборатория аккредитациядан ўтказишга эришилди.
Битирувчи ва малакали кадрларнинг лойиҳаларини назарий-амалий ишлаб чиқаришга йўналтириш мақсадида «Машинасозлик» йўналишида «Технопарк» ташкил этилди. Мазкур технопаркда иштирок этаётган лойиҳалар, грантлар ҳаётга жадал татбиқ қилиниши, провард мақсадларга хизмат қилиб, ёшларни доимий даромадли иш ўринлари билан таъминлайди.
Ўзбекистон-Россия таълим-фан соҳаларидаги узоқ йиллик ҳамкорлик натижаларида форум ялпи йиғилишида муҳандислик, транспорт, логистика, машинасозлик, геология, металлургия, энергетика, кимё, IT технологиялари рақамли интеграциялашнинг икки томонлама чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодиёт, муҳандислик, биоинженерия, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича университетлараро илмий алоқалар, талабаларнинг академик алмашинуви бўйича ўтказилган ректорлик форумлари кўп векторли ҳамкорликни институтционал таъминламоқда.
Садоқат Сиддиқова,
Бухоро муҳандислик-технология институти ректори