Муҳаммадийнинг мукофоти фарзандларига топширилди
_
Норвегия пойтахти Осло шаҳрида 2023 йил учун Тинчлик бўйича Нобель мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Мукофотга эронлик аёллар ҳуқуқи ҳимоячиси, ҳибсга олинган Наргиз Муҳаммадий лойиқ кўрилган. Муҳаммадий Эрондаги Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари маркази вице-президенти ҳисобланади. Охирги 20 йил ичида ҳукумат уни режимга қарши гапиргани, шунингдек журналистика ва инсон ҳуқуқи соҳасидаги фаолияти учун 13 марта, жами 31 йил маҳкум қилинган ва ҳозир ҳам қамоқда. Мукофотни – диплом ва медални Муҳаммадийнинг фарзандлари Али ва Киана Раҳмоний қабул қилиб олишди. Улар оналари – Наргиз Муҳаммадийнинг Нобель маърузасини ўқидилар. Бир қатор жаҳон етакчилари, халқаро ташкилотлар Муҳаммадийни қўллаб-қувватлаган. Масалан, Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эронлик ҳуқуқ ҳимоячисига мукофот берилишини олқишлади.