"Муҳаббатнинг номи нечадир?.."
"Славутич” Республика украин маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан байрам тадбири доирасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида замонавий ёш украин шоирларининг ўзбек тилига таржима қилинган “Муҳаббатнинг номи нечадир?..” шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ходимлари, таниқли ёзувчи-шоирлар, “Славутич” Республика украин маданият маркази бошқаруви аъзолари ва украин диаспораси фаоллари, Украинанинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Aҳмаджон Мелибоев, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Тошев, “Славутич” Республика украин маданият маркази раиси Владимир Бойко, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, адабиётшунос олим, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Aдҳамбек Aлимбеков ва бошқалар ўзбек ва украин адабий алоқалари мустаҳкам асосга эга эканини таъкидлади.

Ўзбек шоир ва ёзувчиларининг машҳур асарлари украин тилига ҳамда украин шоир ва ёзувчиларининг асарлари ўзбек тилига ўгирилган. Жумладан, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг машҳур “Фарҳод ва Ширин” асари украин тилига таржима қилиниб, украин китобсеварларига тақдим этилди. Шунингдек, украиналик шоира Леся Украинканинг “Марварид ёшлари” шеърий тўплами, ёзувчи Иван Франконинг “Мангу ҳаёт афсонаси” асари ўзбек тилида нашр этилганлигига эътибор қаратилди.
Украин миллати вакиллари “Муҳаббатнинг номи нечадир?..” тўпламига киритилган украин ва ўзбек тилларидаги шеърлардан ўқиди. Украинча қўшиқлар тадбирга байрамона шукуҳ бағишлади.
Сўзга чиққанлар “Славутич” украин маданият маркази Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Шарқ юлдузи” журнали, Украина элчихонаси ва Қўмита билан ҳамкорликда сўнгги йилларда таниқли украин ёзувчи-шоирлари Иван Франко, Леся Украинка, Тарас Шевченконинг ўзбек тилида нашр этилган асарлари билан учинчи бор Ўзбекистон китобхонлари эътиборига ҳавола қилинаётганини таъкидлади.
Бу каби адабий-маърифий тадбирлар дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши аниқ.Шунингдек, китобхонларнинг Украина маданий меросидан кенг баҳраманд бўлиши учун “Муҳаббатнинг номи нечадир?..” шеърий тўплами тиражининг салмоқли қисми юртимиз кутубхоналарининг барча вилоят бўлимларига етказилишига эътибор қаратилди.

Н.Усмонова,
ЎзА мухбири