Муддатли ҳарбий хизматчилар жанубдаги сарҳадларимизга етиб келди
Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизмат бурчини шараф билан ўташ учун Ватанимизнинг турли ҳудудларидан йўлга чиққан мард, жасур ўғлонлар Сурхондарё вилоятининг Денов, Жарқўрғон туманлари ва Термиз шаҳар темир йўл вокзалларида кутиб олинди.
Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмларда ўз бурчини бажарадиган аскарлар учун Термиз умумқўшин дала полигонида ташкил этилган тантанали тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги масъул офицерлари, ҳарбий қисм қўмондонлиги ва ҳарбий хизматчилар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийларга яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг тинч, тўкин Ватанимиз жанубидаги сарҳадларида йигитлик бурчини шараф билан ўташига зафар тилади.

–Президентимизнинг жорий йил 22 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ аскарларни кутиб олиш тадбирлари ҳарбий куй садолари остида байрамона рухда ўтказилди,–дейди Жанубий оператив қўмондонлиги тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими офицери, подполковник Нодир Холиқов.– Улар билан олиб бориладиган ўқув йиғинининг сифатли ўтказилиши учун юқори малакали офицер ва сержантлар таркибидан тайинланган маъмуриятга тегишли вазифалар топширилди.

–Болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қиламан,–дейди Самарқанд вилояти Қўшработ туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Жуманазар Эргашев.–Шу мақсадда мактаб ва коллежда яхши баҳоларга ўқидим. Жисмонан тобландим. Чақирув мавсумида суҳбат ва синовлардан муваффақиятли ўтдим. Ҳарбийлар ҳаётини шу пайтгача фақат телевизорда томоша қилган эдим. Мана, бугун ҳарбий қисм билан яқиндан танишиб, бу ерда яратилган шароитларнинг жуда зўрлигини ўз кўзим билан кўрдим. Энди командирларимиздан соҳанинг сир-асрорларини чуқур ўрганиб, келгуси ҳаётимни Ватанимиз ҳимоясига бағишламоқчиман. Ана шу мақсадимга эришиш учун зиммамга юклатилган барча вазифаларни шараф билан бажараман.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ўғлонлар ҳарбий қисмнинг кенг, шинам аскарлар ётоқхонаси, барча замонавий шароитларга эга ўқув хоналари, аскарлар ошхонаси ҳамда ҳарбий қисм ҳудудида яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди. Аскарлар ошхонасида байрамона дастурхон ёзилиб, миллий шоҳ таомимиз– ош тортилди. Она Ватан, тинч, фаровон турмуш, жасорат ва меҳр-муҳаббат мадҳ этилган куй-қўшиқлар ижро этилди.








Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири