Муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтаб бўлган аскарлар уйларига қайтмоқда
Президентимизнинг жорий йил 22 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида" ги қарорига мувофиқ Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларида йигитлик бурчини шараф билан ўтаган аскарлар уйларига тантанали кузатилмоқда.
Термиз гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтган ана шундай тантанали маросимда сўзга чиққанлар мард, жасур ўғлонларга муддатли ҳарбий хизмат бурчини намунали ва муносиб ўтаб, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари жанговар қудратини оширишга қўшган ҳиссалари учун чуқур миннатдорлик билдириб, уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишига муваффақият тилади.
–Мамлакатимиз ёшлари учун миллий армиямиз ҳақиқий ҳаёт мактабига айланди, – деди ҳарбий қисм командири подполковник Учқун Тожиев.– Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир ёш ўғлоннинг орзуси, фахр ва шараф ишидир. Чунки, миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда. Сизлар конституцивий бурчингизни аъло даражада бажариб, бугун ота-онангиз, қавму-қариндошларингиз ва яқинларингиз бағрига ёруғ юз билан қайтмоқдасиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди. Чунки, ҳамиша Ватанни мард, жасур ва садоқатли фарзандлари қўриқлаб келган.

Маросимда бир гуруҳ аскарларга юртимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга киришда имтиёз берадиган ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномаси ва уларнинг ота-оналарига ташккурнома тантанали топширилди.
Аскарларни тантанали кузатиш маросими ҳарбий қисмнинг ёзги маданият маркази, яъни табиат қўйнида давом этди. Улар учун бу ерда байрам дастурхони ёзилди. Термиз тумани маданият бўлими санъаткорларининг концерт дастури намойиш этилди.
Тадбир якунида уйларига отланаётган аскарлар ҳарбий қисмда хизмат қилаётган офицерлар, контракт бўйича ҳарбий хизматчи сержант ва оддий аскарлар билан эсдалик учун суратга тушди.

Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлигидан олинган маълумотларга кўра, воҳадаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган 1 минг 113 нафар аскар уйига тантанали кузатилди. Уларнинг 490 нафарига мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берадиган тавсиянома топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири