Муддати ўтган қарздорлик тўлиқ ундирилмоқда
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси томонидан фуқароларнинг тўлов интизомини янада яхшилаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармаси томонидан фуқароларнинг тўлов интизомини янада яхшилаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг электр энергияси ва табиий газдан муддати ўтган қарздорликлари доимий ундириб келинмоқда.
Жумладан, “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти билан “Юггазстрой” акциядорлик жамияти ўртасида хўжалик алоқалари асосида улгуржи истеъмолчиларига электр энергияси бериш ва қабул қилиш юзасидан 2018 йил 31 декабригача шартнома тузилган. Аммо мазкур шартномага асосан ҳисоб-китоб қилиш шарти кўрсатилган бўлсада, 2019 йил 1 март ойи ҳолатига истеъмол қилинган электр энергия тўловларини амалга оширмаган.
Оқибатда “Юггазстрой” акциядорлик жамиятининг электр энергияси истеъмолидан 23 миллион сўм муддати ўтган қарздорлиги вужудга келади.
Бюронинг Зарафшон шаҳар бўлими томонидан Хоразм вилояти Урганч туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилинди. Натижада Урганч туманлараро иқтисодий судининг 2019 йилнинг 12 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан “Юггазстрой” акциядорлик жамиятидан “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти фойдасига 23 миллион сўм муддати ўтган қарз тўлиқ ундирилди.
Мажбурий ижро бюроси Нурота туман бўлими ходимлари томонидан ҳам Нурота тумани “Жарма” маҳалласи ҳудудида фаолият юритаётган “Бобур Мансур” фермер хўжалиги томонидан энергия ресурсларидан фойдаланишда қонун талабларига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган текширишда, фермер хўжалиги раиси Холбой Мансуров электр симларни кўз билан кўриб бўлмайдиган яширин йўл билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб олгани маълум бўлди. Фермер электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келиши оқибатида жами 68558 кВт/с электр энергиясини ноқонуний сарфлаб, давлат манфаатларига қарийб 11 миллион 360 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Фермер хўжалиги томонидан етказилган зарар белгиланган муддат ичида тўлиқ қопланиб, фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан тегишли тартибда қонуний жазо чораси қўлланилди.