Муборак Рамазон ойи – покланиш фурсати
Моҳи Рамазон эзгулик, меҳр ва мурувват, хайру саховат айёми саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори муқаддас ойни кўтаринки руҳда ўтказиш борасида амалий чора-тадбирларни кўзда тутгани билан аҳамиятлидир.
Ушбу ойнинг ўрни ва аҳамияти, халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:
– Муборак Рамазон ойи эшик қоқмоқда. Ер юзидаги барча мусулмонлар меҳр-шафқат, файз-барака, рушд-ҳидоят кунлари бўлган Рамазони шарифни зўр хурсандчилик ва чексиз шукроналар ила қарши оладилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарори эълон қилинди. Қарорда кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, эҳтиёжманд тоифаларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, ўзаро аҳиллик, саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойи халқимиз қалбига янада яқин ва мўътабар айёмга айланиши таъкидланган.
Шунингдек, ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётган Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланган.
Маълумки, Рамазон покланиш, меҳр-шафқат, ибодат ва Қуръон ойидир. Аллоҳ таоло бу ойнинг улуғлигини шундай баён этган: “Рамазон шундай улуғ ойки, унда инсонларни ҳидоятга бошлагувчи, ҳалол билан ҳаромни ажратиб берувчи Қуръон нозил қилинган” (“Бақара” сураси, 185-оят). Масжидларда Рамазон кечалари таровиҳ намозларида Қуръон ўқилиши бежиз эмас. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Рамазон шундай ойки, унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзах ўтидан халос қиладиган кунлардир” деб марҳамат қилганлар.
Рўза Исломдаги беш устунлардан биридир. Бу хусусда ”Бақара” сурасининг 183-оятида: “Эй, иймон келтирган бандалар, Сизлардан аввалги қавмларга фарз қилинганидек, Сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд тақводор бўлсангиз” деб зикр этилган. Аввало, рўза тутиш орқали Аллоҳ таоло ибодатга буюради. Ушбу ибодат туфайли инсон жисмонан, қалбан ва руҳан покланиб, тақводор бўлади. Тақво бирор нарсадан тийилиш, сақланиш дегани, яъни, “парҳез” сўзига тўғри келади. Бунда инсон ўз нафсини ейиш, ичишдан, ношойиста хатти-ҳаракатлардан, тилини турли бемаъни, ҳақоратли гап-сўздан тияди. Умуман, киши кўз, қулоқ ва бошқа аъзоларини ислоҳ этиб, сабр-қаноатга ўргатади. Шунингдек, рўзадор киши бировнинг дилини оғритиш ва ҳақига хиёнат қилиш каби иллатлардан сақланиши лозим. Бу ҳақда пайғамбаримизнинг “Агар ёмон гап-сўз, гина-адоватлардан сақланмасангиз, кун бўйи оч юришингизга Аллоҳ муҳтож эмас” ҳадислари мавжуд. Демак, тилни турли фисқ-фужур гап-сўзлардан пок сақлашлик Рамазони шариф одобларидан саналади.
Рўза тутиш инсон ва жамият учун фойдали эканлиги тўғрисида Имом Ғаззолий шундай деганлар: “Рўза тутиш жон учун закот, бадан учун риёзат, яхшилик учун даъватдир. Рўза инсон учун гуноҳлардан тийилиш, жамият учун жиноятлардан сақланишдир. Оч баданда қалб бир меъёрда ишлайди, ақл тиниқлашади, кўз равшан тортади. Тўқлик дангасалик туғдиради, қалб қўрини ўчиради, зеҳнни ўтмаслаштиради. Кам уйқу ва кам таом билан қалбларингизга ҳаёт бахш этинг. Қалбларингизни очлик билан покланглар. Шунда қалбларингиз мусаффо бўлади ва тетиклашади”.
Исломнинг аҳкомлари ва бошқа ибодатлари сингари рўза жамият ва инсон ҳаётига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир. Негаки, рўза тутиш орқали инсон ўз иродасини мустаҳкамлайди. Ўзгаларга нисбатан меҳр-шафқатли ва хушмуомалали бўлади. Рамазон ойида беморлар, ёлғиз кексалар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш ва уларга хайр-саховат кўрсатиш энг савобли амаллардан саналади.
Бу борада Имом Термизий “Сунан Термизий” асарида “Сахийлик” деб номланган алоҳида боб ажратган ва мазкур бобда саховатга оид қуйидаги ҳадисни келтирган: “Сахий Аллоҳга яқин, жаннатга яқин, инсонларга яқин ва жаҳаннам оловидан узоқдир. Бахил эса, Аллоҳдан узоқ, жаннатдан узоқ, одамлардан узоқ ва жаҳаннам оловига яқиндир. Албатта, жоҳил сахий Аллоҳ таолога бахил обиддан кўра суюклироқдир”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам эҳсонда ва карамда бани башар жинси қила олмаган саховатни қилар эдилар. Ўзлари дарвешона ҳаёт кечирар эдилар... Бутун йил аҳволлари шу бўлар эди. Лекин Рамазони муборакда карамлари ҳаддан ташқари бўлар эди... Карамларидан ҳамма баробор наф олар эди”.
Рамазон ойида кишилар ўртасидаги муносабатлар яхшиланади, ҳар қандай гина-кудуратлар, араз-нифоқ унутилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) башорат қилганларидек, Рамазон ойида ихлос, эътиқод ва Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлиб рўзадор бўлган кимсанинг барча ўтмиш гуноҳлари мағфират қилинади. Шундай экан, тақво ва покланиш ойини ғанимат билиб, эзгулик, яхшиликка ундовчи хайрли, савобли амалларни кўпайтирайлик.
Н.Усмонова ёзиб олди, ЎзА