Муаммоларга биргаликда ечим изланмоқда
Ангор туманининг қадимий “Ангор” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулда вилоят, туман ҳокимликлари мутасаддилари, Халқ қабулхонаси вакиллари, вилоят ташкилот ва идоралари, секторлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ангор туманининг қадимий “Ангор” маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулда вилоят, туман ҳокимликлари мутасаддилари, Халқ қабулхонаси вакиллари, вилоят ташкилот ва идоралари, секторлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
– Дарду-ташвишларингизга шерик бўлиб сизларни рози қилиш, янада тўкин, фаровон турмуш кечиришларингиз учун қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатиш бизнинг асосий вазифамиздир. Шу мақсадда бугун муаммоларингизни тинглаб, уларга биргаликда ечим излаш учун келдик, – деди вилоят ҳокими Т.Боболов.
Сайёр қабулда 180 га яқин мурожаат тингланди. Олтмишдан ортиқ мурожаат жойида ҳал этилди. Муддат талаб этадиган масалалар алоҳида назоратга олиниб, тезкорлик билан қонуний ечим топиш бўйича мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.


– Қисматимда бор экан, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, –дейди Шеробод тумани Истиқбол маҳалласида яшовчи фуқаро Қ.Қурбонов. – Тўрт нафар фарзандим бор. Яшаб турган уйимиз таъмирталаб бўлиб қолган. Уни созлаб олишим учун маблағ етмаяпти, қиш ҳам яқинлашмоқда. Бу муаммони ўйлаб кўриб, вилоят ҳокимидан ёрдам сўрашни лозим топдим. Дардимни айтган эдим, шу ернинг ўзида масала ечим топди. Қисқа фурсатда ҳомийлар кўмаги билан уйимиз тўлиқ таъмирлаб бериладиган бўлди.
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳокими Термиз шаҳри ва туманлардаги олис, чекка ҳудудларда 15 та оммавий сайёр қабул ўтказиб, 2 минг 900 га яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини эшитди. Шундан 2 мингга яқини ижобий ҳал этилди. Аҳоли муаммоларини бартараф этиш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 8 миллиард 580 миллион сўм маблағ ажратилди. 123 километр ички йўллар тупроқ йўлдан тош йўлга айлантирилди, 29 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан ичимлик суви тармоғи тортилиб, юз мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланди.


Воҳанинг энг чекка тоғли ҳудуди бўлган Бойсун туманида ўтказилган сайёр қабуллар натижасига кўра, аҳолини узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган муаммо – Дуоба, Сангчил, Боғиболо ва Сайроб маҳалласи ҳудудида 4 та кўприк қуриш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 1 миллиард сўм маблағ ажратилди. Денов туманидаги тоғли ва олис Ўшор маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулдаги мурожаатларга кўра, ҳудудда янги қишлоқ оилавий поликлиникаси бунёд этиш учун 800 миллион сўм пул ажратиладиган бўлди. Юз ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши бошланди.
Жорий йилнинг саккиз ойида ўтказилган 20 та "Тадбиркорлар қабули"да 480 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти вакилларининг муаммолари тингланиб, ечимини топиш йўллари изланди. Ҳозиргача уларнинг 390 га яқини шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. 43 та тадбиркорнинг мурожаати бўйича тегишли вазирлик ва идораларга хат чиқарилиб, муаммоларини ечишга амалий ёрдам кўрсатилди.