Муаммолар зудлик билан бартараф этилмоқда
Аномал совуқ натижасида Андижон вилоятининг турли ҳудудларида электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиб кетиши оқибатида турли носозликлар юзага келмоқда.
– Бугунги аёзли кунларда электр энергияси таъминоти тизими ходимлар куну тун, катта юклама билан меҳнат қилмоқда, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Андижон ҳудудий филиали раҳбари Х. Юлдашев. – Филиалимиз ҳамда туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналарида махсус штаблар тузилган. Юзага келаётган носозликлар бўйича маълумотлар 24 соат мобайнида қабул қилинмоқда. Юзага келган носозликларни бартараф этиш бўйича вилоятда 90 та тезкор таъмирлаш бригадаси ташкил этилди, 32 та махсус автотранспорт ҳамда 5 та автолобаратория жалб этилди.
Ҳақиқатдан ҳам электр энергияси таъминоти тизими ходимлари учун айни кунлар ўта мураккаб ва масъулиятли давр бўлмоқда. 10 январь тунда қалин қор ёғиши ва кучли совуқ бўлиши натижасида тизимда кўплаб носозликлар юзага келди. Соҳа мутахассисларининг сайъи-ҳаракати билан улар зудлик билан бартараф этилмоқда.
[gallery-10248]
Масалан, Андижон туманидаги Қоратут маҳалласи ҳудудига ўрнатилган 821- сон трансформатор пунктида юзага келган носозлик туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан бартараф этилди, трансформатор пункти таъмирланиб, ишга туширилди. Шунингдек, туманнинг Деҳқон маҳалласи ҳудудидаги носоз ҳолатга келиб қолган 344- сонли трансформатор пункти кеча туннинг ўзида захирадаги трансформатор пунктига алмаштирилди. Бир неча соат ичида ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли хонадонларининг электр таъминоти тикланди.
Пахтаобод туманидаги Чорсу, Юқори ва Янгиобод маҳаллаларини электр энергияси билан таминловчи 47-, 221- ва 118- сонли трансформатор пунктларида юзага келган авария ҳолати туман электр тармоқлари корхонасининг тезкор бригадалари томонидан бартараф этилди. Қисқа муддат ичида трансформаторлар таъмирланиб, ишга туширилди. Юқоридаги маҳаллаларнинг электр таъминоти тикланди.
Айни пайтда Мархамат тумани электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан Бобохуросон маҳалласи, Улюз кўчасида жойлашган 80- сонли трансформатор пунктини юкини енгиллатиш мақсадида ўрнига қуввати 160 кВА бўлган бошқа трансформатор пунктини ўрнатиш, ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Андижон шаҳридаги Баркамол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бир қанча кўп қаватли уйларни электр энергияси билан таъминловчи 235- сонли трансформатор пунктидан чиққан 6 кВ ер ости кабель тармоғида носозлик юзага келган. Мазкур кабель махсус лаборатория мутахассислари томонидан текширилиб, носозлик аниқланди. Айни пайтда тезкор бригада томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Соғлом авлод маҳалласи ҳудудидаги бир нечта кўп қаватли уйларни электр энергияси билан таъминловчи “Н/С Дархон” ҳамда “Юлдузча МТС 6 ТП_114” трансформатор пунктлари оралиғидаги 6 кВ ер ости кабель тармоғида ҳам носозлиги аниқланди. Айни вақтда ер ковланиб, кабель очилган, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Тез фурсат ичида юқоридаги маҳаллалардаги кўп қаватли уйларда электр таъминоти тўлиқ тикланади.
Юқоридаги каби носозликларни бартараф этиш бўйича ишлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида тезкорлик билан амалга оширлмоқда. Бундан ташқари, юзага келган оғир ва мураккаб шароитдан келиб чиқиб, юкламаларнинг ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида соҳа ходимлари томонидан электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА