Тошкент вилоятида шаҳарсозликни ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини тартибга солиш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш борасида тизимли ишлар қилинаётган бўлса-да, айрим жойларда ҳалигача муаммолар мавжуд.
Хусусан, Янгийўл шаҳри пойтахтимизнинг биқинида бўлса ҳам кўчаларда тирбандликлар, ноқонуний қурилмалар, чала қурилишлар ва абгор йўллар кишини ранжитмоқда. Айниқса, Янгийўл шаҳри ва туманини Тошкент шаҳри билан боғловчи М34 автомобиль йўли атрофидаги ҳолат бунга ёрқин мисолдир.
Пиёдалар йўлакчалари ва унинг атрофидаги яшил майдонларни барпо қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар сезилмайди. Аксинча, тадбиркорлар томонидан атрофдаги ҳар қарич ерга эгалик қилиб, мавжуд дарахтлар йўқ қилинган ёки илдизи бетон билан қопланган.
Ҳозирда йўл ёқасида пиёдалар йўлаклари, экилган манзарали кўчатлар, махсус автотураргоҳларни ҳам тополмайсиз. Ҳар тарафда ўзбошимчалик билан кенгайтирилган савдо нуқталарини кўрасиз. Шунингдек, йўл ёқасидаги кўкат бозори ҳам ҳалигача абгор аҳволда. Сотувчиларга етарлича шароит йўқ.
Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳи мазкур ҳолатларни жойига чиқиб ўрганди. Ҳудуд масъуллари билан суҳбатда мавжуд муаммоларни қисқа фурсатда бартараф қилиш, аҳоли ва тадбиркорларга қулайлик яратиш, шаҳарсозлик шароитларини яхшилаш юзасидан вазифалар берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K9kYrqKXf88" title="Muammolar masʼullar nazoratida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат, видео), ЎзА.