МУАММО ВА ЕЧИМ: «Кредит-модуль тизими»...
Бугунги кунда олий таълим тизимига ECTS кредит-модуль тизимини жорий этиш кўплаб фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда.
Бугунги кунда олий таълим тизимига ECTS кредит-модуль тизимини жорий этиш кўплаб фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Шундай экан, Бухоро муҳандислик-технология институти мисолида мазкур тизимни ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш масаласини кўриб чиқамиз.
Авваламбор, мазкур тизим нега айнан «кредит-модуль» деб номланишига эътибор қаратсак, кредит бу –талабанинг ўқув юкламаси бўлиб, институтда 1 кредит 30 соатга тенг деб олинди. Демак, кредитлар сонига қараб, талабанинг ўқув-тарбия жараёнида ўзлаштириш соатларини тушунсак тўғри бўлади. Халқаро тажрибага кўра, ўқув йили мобайнида талаба ҳар семестрда 30 кредитдан, бакалавр босқичида жами 8 семестрда 240 кредит, магистратуранинг 4 семестрида эса 120 кредитни тўплаши керак бўлади.
Институтда ҳар бир семестр 15 ҳафтадан ўқув-тарбия жараёни ташкил этиш белгиланди. Бунда талаба бир семестр мобайнида (45/55 нисбатда) аудиторияда 26х15=390 соат ва мустақил таълим ҳамда ишлаб чиқариш амалиётларига ажратилган 510 соат билан жами 30х30=900 соатни яъни 30 кредит ўқув юкламасини бажариши шарт ҳисобланади. Демак, ўқув режада келтирилган 4-6 фаннинг ҳар бир мавзусини тўлиқ ўзлаштирмаса тегишли кредитларни тўплай олмайди. Буни тўлиқ англаган ҳолда, семестр бошидан профессор-ўқитувчилар ҳам талаба ҳам масъулият билан билим беришга ва билим олишга интиладилар.
Шу сабабли, институтда мунтазам равишда янги ECTS кредит-модуль тизимини амалга татбиқ этишга оид мастер класс, семинар-тренинг ва ижтимоий Telegram каналида онлайн маслаҳат каби самарали тадбирлар ташкил этилган. Профессор-ўқитувчилар ўзларининг фанларидан ўқув материалларини тайёрлаш, талабага етказиш, шунингдек, талабага аудиторияда ҳамда мустақил таълимда ушбу материалларни ва тегишли мавзуга оид қўшимча маълумотларни излаши, қайта ишлаши ва ўзлаштириши каби масъулиятли вазифалар юкланади.
Энди «модуль» атамасига келадиган бўлсак, тор маънода «тугалланган мазмун»ни ифодалайди. Албатта, бу жуда муҳим ҳисобланади, чунки ўқитиладиган фанлар мазмунини ёки силлабус (ўқув дастур)ларни ишлаб чиқишда фанларнинг кетма-кетлиги, узвийлиги ва боғлиқлиги яъни, интегративлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Талаба бир модуль бирлигини ўзлаштириб, иккинчисига ўтганда унда малака талабларидаги компетенцияларнинг элементлари босқичма-босқич шаклланиб бориши назарда тутилади. Шунингдек, мазкур тизимнинг жорий этилиши бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари дастурларининг аниқ мақсадли ва мобиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу ўринда айтадиган бўлсак, янги жорий этилаётган тизим маҳаллий ОТМлар таълим сифатининг халқаро ареналарда эътироф этилишини осонлаштиради. Лекин, бу янгиланиш профессор-ўқитувчилар ва талабалар олдига янада долзарб вазифалар (хорижий тиллар ва АКТни мукаммал ўрганиш, халқаро алмашув дастурлари ва стажировкаларда иштирок этиш, дарс бераётган фанидан ўқув адабиётларни илмий тадқиқот натижалари асосида яратиш ва ҳ.к.) қўйилишига мотивация беради.
Дарҳақиқат, битирувчилар олий таълим муассасасида «компетент» кадр бўлиб етиши учун таълим йўналиши малака талаблари ижтимоий буюртмачилар томонидан қўйилган замонавий талаблар асосида шакллантирилади. Шу орқали талабаларда касбий компетентлигининг шаклланишига урғу берилади. Бундан кўринадики, янги тизим амалдаги олий таълим тизимининг тўғридан-тўғри такомиллаштирилган кўринишини ифодалайди. Шунинг учун ҳам кредит-модуль тизимининг жорий этилиши олий таълимнинг ислоҳ қилиниши ва профессор-ўқитувчиларнинг келгуси касбий-педагогик фаолиятларини самарали ташкил этишга асос бўлади. Буни қуйидаги мисолларда яққол кўриш мумкин.
Биринчидан, амалдаги тизимда аудитория ва мустақил таълимга (55-60)/(40-45) (100 фоиз ҳисобидан) нисбатда ташкил этилган бўлса, мазкур тизимда (45-50)/(50-55) нисбатда ташкил этилмоқда. Бу эса, талабаларнинг ўз устида мустақил ишлашига кўпроқ йўналтирилганидан далолат беради. Эътиборли жиҳати шундаки, айнан фанлар учун ажратилган умумий соатга нисбатан кредитлар (30 соат = 1 кредит) берилади.
Иккинчидан, умумий фанлар сони қисқартирилмоқда, чунки баъзи фанлар янги фан (модуль) мазмуни таркибига киради. Лекин талабанинг 1 семестрда ўзлаш тирилиши керак бўлган ўқув соати, яъни ҳафтасига 54 соат сақланиб қолган. Шунинг учун ҳар семестрда 8-10 та фанлар ўрнига 4-6 та модуль ўқитилади. Шу ўринда айтиш жоизки, баъзи фанлар таълим йўналишлари ўқув режасидан умуман олиб ташланмоқда, жаҳон тажрибасидан маълумки, мутахассислик фанлари ўқув соатларини кўпайтирилиши устувор ҳисобланади. Бунда табиий-илмий ва гуманитар фанлари блокининг айрим фанларини электив (танлов) фанлар кўринишида ёки умум касбий ва ихтисослик фанлар мазмунига сингдириш орқали ўқитилиши юқори самара беради. Бўлажак мутахассис юқорида қисқартирилаётган фанлардан фақат келажакда фаолият олиб борадиган соҳага тегишли қисмларини ўрганиши назарда тутилади.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларга қуйидаги ечимларни бериш мумкин:
Умумтаълим мактаби ёки лицей-коллеж битирувчиси ўқув юкламаси, семестр, фан учун белгиланган кредит миқдори, сарфланадиган вақт ҳақида тасаввур ёки тушунчага эга эмас. Қолаверса, мактаб ва институт ўқув жараёнларидаги тафовут (масалан, чорак ўрнига семестр, баҳо ўрнига кредит, ўқув жараёни – кредит-модуль тизими)ларни тушуниб етиши керак. Бу борада нафақат талабанинг тайёрлиги, ота-онасининг янги тизим талабларидан хабардорлиги ва масъулиятни биргаликда ҳис қилиши жуда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, биринчидан талаба маълум фандан кредитларни тўплаши мустақил таълим соатларига боғлиқ, яъни фақат ўқитувчи томонидан берилган билим билан чекланиб қолмайди. Талаба бутун имкониятини ишга солиб, дарсдан бўш вақтини тўғри тақсимлаш кўникмасига эга бўлиши керак.
2. Маълум фандан етарли кредитни тўплай олмаган академик қарздор талабага назорат ишини қайтадан топшириши учун пуллик тўлов амалга оширилиши белгиланади. Хорижий ва маҳаллий олий таълим муассасалари тажрибалари асосида тегишли Низомлар тасдиқланади. Акс ҳолда қарздор талабаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган ҳомийлари аксарият ҳолларда ота-оналар ҳисобланади. Демак, абитуриентлар ёки ўқишга кирган 1-курс талабаларнинг ота-оналарига ҳам таълимдаги янгича ёндашув ва ўқитиш тизими ҳақида батафсил маълумот етказилиши (вебинар, семинар, очиқ эшиклар куни ва ҳ.к.) керак.
3. ECTS кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этишда ОТМ профессор-ўқитувчиларининг ўз ўрни бўлиши керак. ECTS кредит-модуль тизимида тажрибали профессор-ўқитувчилар фан мавзулари бўйича янги мазмундаги маълумотларни замонавий инновацион технологиялари асосида қизиқарли қилиб етказиб бериш имкониятига эга бўладилар. Айниқса, кредит-модуль тизими ОТМ ўқув дастурларини шакллантиришда талабанинг малакавий ва амалий билим кўникмасини ҳосил қилиш, шунингдек, фанлар мазмунини чуқурроқ ўзлаштириб сифат кўрсаткичларига эришиш учун алоҳида эътибор қаратилади.
4. Барча ОТМларда ECTS кредит-модуль тизими жорий этилар экан, демак ишлаб чиқариш корхоналари билан интегратив ҳамкорликни олиб бориш орқали ҳар бир бакалавриат ва магистратура ўқув дастури мақсадларини олдиндан аниқ белгилаб, битирувчилар дастур давомида қўлга киритиши зарур бўлган билим, кўникма ва маҳоратлар шаклида белгилаб олинса, талаба бутун имкониятини ишга солиб, дарсдан бўш вақтини тўғри тақсимлаш кўникмасига эга бўлади.
5. Янги ёндашувда мустақил таълимга алоҳида урғу берилар экан, ОТМларнинг АРМларида мавжуд адабиётларни экспертизадан ўтказиш, уларнинг мазмунан сифатлилигини мониторинг қилиш, ECTS кредит-модуль тизими талаблари ва ишлаб чиқариш корхоналари, яъни кадрлар истеъмолчилари талабларига мос келадиган адабиётлар, техник-технологик соҳалар учун жиҳоз ва ускуналардан фойдаланиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилади. Бу жиддий масала, чунки ҳар қандай кўринишдаги таълим тизимида услубий таъминот ҳал қилувчи роль ўйнайди. Фан ўқитувчисининг масъулиятини белгилайди, айниқса, мустақил таълимни такомиллаштириш жараёнида.
6. ECTS кредит-модуль тизимида ўқув жараёнини ташкил этишда касаба уюшмаларининг алоҳида ўрни бўлиши керак. Хориж тажрибасидан маълумки, ОТМга кириш истаги бўлган абитуриент 1-курсдан тузиладиган шартномаси 4 томонлама бўлиб, талаба, ОТМ, корхона, касаба уюшмаси томонидан расмийлаштирилади. Бу масалалар мазкур томонлар орасида ҳал этилади, хукумат аралашмайди. Корхона талабанинг ўқишига ҳомийлик қилади, барча амалиётлар ва тажриба машғулотлари объекти талаба келажакда ишлайдиган иш ўрни, дастгоҳи саналади. Битирувчи малакавий амалиёт даврида ҳамда ўқишни тугатганидан сўнг ўз меҳнат фаолиятини тўғридан-тўғри юқори малака ва кўникмага эга мутахассис сифатида ташкил қила олади.
ОТМ профессор-ўқитувчилари талабаларни ўқитади, билим олишга ундайди, амалий кўникмасини ҳамда ҳар қандай шароитда ҳам мустақил қарор қабул қилиш қобилиятини шакллантиради. Баҳолаш ва имтиҳон жараёнлари эса ишга қабул қиладиган корхона мутахассислари ёки бошқа ишлаб чиқариш ходимлари томонидан ўқитувчи иштирокисиз амалга оширилади. Талаба 4 йил мобайнида шу масъулиятни ҳис қилган ҳолда бутун имконияти билан сифатли таълим олишга ҳаракат қилади. Бунинг учун йирик компаниялар, корхоналар, иш берувчилар ва ота-оналар масъулиятини ошириш, доимий ҳамкорликни йўлга қўшиш зарур.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар қандай тизим ривожланиши учун янгиликларни жорий қилишга эҳтиёж сезади. Шундай экан амалдаги олий таълим тизимига татбиқ қилинаётган ECTS кредит-модуль тизими ҳам ўз самарасини бермасдан қолмайди. Бунинг учун профессор-ўқитувчилар ўқув-тарбия жараёнида масъулиятларини ошириши, қаттиқ интизом билан ўз устида мунтазам ишлаши, ўзлари томонидан яратилган инновацион ғояларга иқтидорли талабаларни кенг жалб этган ҳолда “устоз-шогирд” тизимини жорий этиши шарт. Устоз ҳар бир бўлажак мутахассис келажаги билан қизиққан ҳолда уларнинг универсал компетенцияларини ривожлантиришга ундайди. Бунда талабалар танлаган касбларига нисбатан меҳр ва ишонч билан ёндашишлари, билим ва кўникмага эга бўлишлари қўйилган мақсадларимизга эришишда асос бўлиб хизмат қилади.
Нусратилла Баракаев, Бухоро муҳандислик-технология институти
ректори