Жорий йил 1 июнь санасида рўй берган кўнгилсиз воқеалар, яъни "текин ўйинчоқ ва музқаймоқ ғалваси" ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмади.
Умумий қилиб айтганда, "текин томоша" илинжида тўпланганлар туфайли юзага келган муаммо - тиқилинч ва тирбандликлар юзага келгани аҳолини, айниқса, болажонларни қийнаб қўйди. Шу боис, бундай ҳолатларга йўл қўймасликка қарор қилинди.
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги "Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, - деди ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати ходими, подполковник Сухроб Шомансуров. - Бунда, оммавий тадбирларга фуқароларни реклама, акция орқали жалб қилишга чеклов қўйилди. Айниқса, маҳсулот, товар моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.
Ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда тадбиркорларга, ташкилотчиларга масъул маъмуриятларга бевосита таъсирли чоралар ҳам белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200 - 1 - моддасига асосан жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан бевосита жарималар белгиланади.
Белгиланган қоидаларга амал қилмаганлик учун жисмоний шахслар БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, юридик шахслар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жаримага тортилади.
Эндиликда ташкилотчи ва оммавий тадбирлар ўтказиладиган объект маъмуриятига нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари кучайтирилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА