“Муаллимсиз, таълимсиз бирор соҳа ривожланмайди”
Донишмандларнинг шундай фикри бор: “Мақтаниш ёмон, лекин мақтанадиган нарсанг бўлмаса ундан ҳам ёмон”. Мен мақтанмоқчи, улуғламоқчи бўлган улуғ бир маскан бор. Бу улуғ аждодларимизга бешик бўлган Бухорои шарифдир. Дарҳақиқат, Бухоро Ўзбекистондаги энг қадимий маданий марказлардан бири ҳисобланади. Қадим тарихга эга шаҳар йилнинг ўн икки ойида туристларни ўзига чорлайди. Бухородаги бой тарих ва маданий-тарихий обидалар ҳар қандай кишини ҳайратга солади.
Президентимизнинг Бухорога ташрифи давомида ҳам кўҳна заминнинг жаҳон тамаддуни ривожида тутган ўрни, бой тарихи, иқтисодий салоҳияти алоҳида эътироф этилди.
Бухороликлар билан бўлган учрашув ниҳоятда самимий ўтди. Давлатимиз раҳбарининг “Халқнинг розилигига эришиш учун одамларнинг дарди билан яшаш керак”, – деган самимий фикрлари ҳар қандай инсон қалбида юртига бўлган меҳр-муҳаббатни янада жўш урдиради. Мана шундай ишчанлик кайфияти билан давлатимиз раҳбари вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги мавжуд муаммоларнинг ечими учун ўз таклифларини берди. Тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш асосида янги иш жойларини яратиш, шу орқали ёшларни иш билан таъминлаш мумкинлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг келажагини ёшлар белгилайди. Ёшларга берилаётган эътибор, улар учун яратилган имкониятлар миллат келажагини, унинг ривожланиш даражаси қандай бўлишини белгилайди. Шу маънода, мамлакатимизда ёшларга эътибор нафақат моддий ва маънавий жиҳатдан, балки уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилаётганлиги билан ҳам характерланади.
Бухоро қадимий шаҳар. Бу юртга ҳар йили дунёнинг турли минтақаларидан минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги қадимий масканларни ободонлаштириш, шу орқали вилоятда туризмни яхшилашга эришиш мумкинлигини алоҳида қайд этди.
Таъкидлаш керакки, тарбия ва таълим тушунчалари ҳамиша ёнма-ён тилга олинади. Боиси, тарбияли инсоннинг бир сифати унинг билимли бўлганлигидадир. Ўзбек миллати азалдан башарият тафаккури хазинасига улкан ҳисса қўшиб келган. Айниқса, Бухоронинг улуғ аллома ва фузалоларининг жаҳон тамаддунидаги ўрнини бугун бутун дунё тан олган. Худди шу жиҳатга эътибор қаратган юртбошимиз фан ва ислом цивилизациясига ҳисса қўшган улуғ алломаларимизнинг бой меросини тарғиб қилиш бугуннинг асосий муаммоларидан бири эканлигига эътибор қаратди.
Аждодларимиз меросини тарғиб қилиш, уларни дунёга танитиш учун халқаро миқёсида конференциялар ташкил қилиш зарурлигини айтиб ўтди.
Мамлакат тараққиётида таълимнинг ўрни катта. Юртимизда таълим тизими жаҳон стандартлари даражасида юксалаётганлиги айни ҳақиқат. Бу борада юртимизда кўплаб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ихтисослашган мактаблар сони йилдан – йилга кўпайиб бормоқда. Ҳар бир вилоятда “Президент мактаблари“ ташкил этилиши соҳанинг жаҳон стандартларига ўтаётганлигидан далолат беради, десак муболаға бўлмайди, албатта.
Машҳур ёзувчи Пиримқул Қодиров “Юлдузли тунлар” асарида қайд этганидек: “Буюк ишларни буюк истеъдодларсиз қилиб бўлмайди”. Бундай истеъдодларга эса мактаб бешик. Давлат раҳбарининг “Муаллим, муаллим, таълим...” деган фикрлари бутун йиғилиш иштирокчиларини тўлқинлантириб юборди. Муаллимсиз, таълимсиз бирор соҳа ривожланмайди, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари. Мен бу фикр остида муаллим шахсига ҳурмат, уни эъзозлаш ғояси борлигини ҳис қилдим. Бугун мамлакатимизда ўқувчиларга кенг имкониятлар яратилган. Таълим олиш учун барча шароитлар яратилган. Айниқса, тил ўрганишга катта эътибор қаратилган. Давлатимиз раҳбари томонидан 2+1 лойиҳаси йўлга қўйилди. Яъни мактаб ўқувчилари иккита хорижий тилни ҳамда касб-ҳунарни эгаллаши билан боғлиқ таклифлари бугун амалда ўз натижасини бермоқда.
Бугун ёшларимиз инновацион таълим қуршовида. “Таълим тўғрисидаги Қонун” нинг янги таҳририда ДУАЛ таълим – яъни ўқиб туриб ишлаш имконияти берилган. Бунинг замирида эса ўсиб келаётган ёшларни улуғ аждодларимизнинг “Меҳнатсиз турмуш – ўғриликдир”, - деган мезонлари асосида тарбиялаш назарда тутилганлигини инкор қилиб бўлмайди.

Президентимиз ўз маърузаларида хотин-қизлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, “…одатда, биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”, – деган сўзлари аёлларга ишончнинг ифодаси эмасми?! Аёлларга эътибор бу – жамиятга эътибор. Чунки айнан аёллар ўсиб келаётган ёш авлод тарбияси ҳамда камолоти йўлида ибрат мактаби сифатида намоён бўлади. Бугун республикамизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар мазмунида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратиш, уларни жамиятнинг фаол кишиси сифатида қўллаб-қувватлаш каби масалалар асосий ўрин тутганлигини кўришимиз мумкин. Чунки жамият тараққиёти, миллатнинг тақдири аёлларнинг жамиятдаги ўрни билан белгиланади.
Бир сўз билан айтганда, учрашувда мактабгача ва мактаб таълими тизими, техникум, коллеж ва олий ўқув юртларида ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш ва ижобий натижаларга эришиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бухоро давлат педагогика институтида ҳам ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди. Ана шундан келиб чиқиб, институтда ўзим раҳбарлигимда педагогик жамоамиз, мутахассисларимиз мазкур йўналишдаги ишларни қайта кўриб чиқиб, тубдан яхшилаш, сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳаракатни бошладик.
Ташриф давомида юртбошимизнинг: “Таълим, таълим – муаллим” деган чақириқлари шу соҳанинг бир вакили сифатида қалбимда ғурур бағишлади, катта масъулият юклади.
Баҳодир Маъмуров,
Бухоро Давлат педагогика институти ректори, педагогика фанлари доктори, профессор.
ЎзА