Наманганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги муассасаларнинг педагоглари учун малака тест синовлари бошланди.
Мазкур жараён вилоятда юқори ташкилий тайёргарлик ва кўтаринки руҳда бошланиб, Наманган шаҳридаги 15-сонли умумтаълим мактабининг спорт залида ҳозирланган 150 ўринли жойда дастлабки имтиҳонда 600 нафар рус тили ва география фани ўқитувчиси иштирок этмоқда.

– Аттестация реал вақт режимида, барча шарт-шароит яратилган, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган хоналарда ўтказилмоқда, – дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов. – Жараёнлар онлайн тарзда, кузатув камералари орқали ёзиб олинмоқда. Қайд этиш жоиз, икки босқичли аттестацияда таълим муассасаларининг ўқитувчи кадрлари учун мутахассислик фани ва касб стандарти доирасида 40 та тест ҳамда педагогик маҳоратни аниқлашга қаратилган 10 та топшириқ берилади.

– Ҳар бир педагог таълим сифатини ошириш, ўқувчиларига чуқур илм бериши учун мунтазам равишда касбий маҳорати устида тинимсиз изланиши керак, – дейди Учқўрғон туманидаги 13-сонли умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси Дилшода Назарова. – Буни нечоғлик зарурият эканлигини ўз фаолиятим давомида англадим. Айни вақтда биринчи тоифали муаллим эканимдан келиб чиққан ҳолда, олий тоифали бўлиш мақсадида навбатдан ташқари ариза бердим.

Жорий йилда малака (тоифа) аттестация синовларида қатнашиш учун Наманган вилоятидаги таълим муассасаларининг 13 минг 892 нафар педагогидан ариза келиб тушган. Талабгорларнинг 8013 нафари олий ва биринчи малака тоифаларига, 4 минг 597 нафари эса мутахассис малака тоифасидан иккинчи малака тоифасига ўтиш истагини билдирган.
Аттестация натижалари “QR” код қўйилган электрон шаклдаги ўқитувчиларнинг интернет тармоғидаги шахсий кабинетларига юборилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА