Муқобил энергия – тежамкорлик омили
Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида экологик тоза технологияларни ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни таъминлашга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманида экологик тоза технологияларни ривожлантириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни таъминлашга бағишланган илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, таълим муассасалари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида табиий бойликлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, экологик тоза энергия манбаларини ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Қораўзак тумани марказидан 50 километр олисда жойлашган Қўйбоқ овулидаги 3-умумтаълим мактаби, Тахтакўпир тумани Жанадарё овулидаги 19-умумтаълим мактабида қуёш батареялари ўрнатилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Экоэнергия” илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи Рустам Ёдгоров. – Йил давомида қуёш чарақлаб турадиган бу ҳудудда мана шундай табиат манбаларидан оқилона фойдаланиш катта самара беради.
Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Экоэнергия” илмий-тадқиқот маркази томонидан Тахтакўпир ва Қораўзак туманларидаги умумтаълим мактабларида ўрнатилган қуёш батареяларидан фойдаланиш самаралари билан танишди.
– Мактабимизда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш учун барча шароит мавжуд, – дейди Тахтакўпир туманидаги 19-умумтаълим мактаби директори Омонгелди Қаналиев. – Қуёш батареялари ўрнатилгач, компьютердан узлуксиз фойдаланиш имконияти янада кенгайди.