Муҳим вазифалар белгиланди
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имконият ва имтиёзлар юксак самаралар бермоқда. Қашқадарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар бунинг ёрқин тасдиғидир.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имконият ва имтиёзлар юксак самаралар бермоқда. Қашқадарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар бунинг ёрқин тасдиғидир.Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 309 янги кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Айни пайтда фаолият юритаётган 16 мингдан зиёд кичик бизнес субъектининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62,2 фоизни ташкил этаётир. Кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, тижорат банклари томонидан 7 минг 823 тадбиркорлик субъектига 585 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
Аҳоли бандлиги масаласини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли жорий йилнинг 9 ойида 66 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, уларнинг 82 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.
Жорий йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилишида шу ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими З.Рўзиев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари раҳбарлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари қатнашди.
Асосий эътибор Президентимизнинг 2015 йил 16 январь куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишлари вазифалари ижросини таъминлашга қаратилди.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 5, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,1, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 8,9, капитал қуйилмалар 28,6, пудрат ишлари 11,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6, бозор хизматлари 13,7, пуллик хизматлар 8, чакана савдо айланмаси 11,9 фоизга ўсди.
Фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш январь-октябрь ойларида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 3 триллион 747 миллиард сўмдан зиёд инвестицияларни ўзлаштириш имконини берди. Корхоналар томонидан жалб этилган маблағлар жами инвестицияларнинг қарийб 49,5 фоизини ташкил этмоқда. Инвестицияларнинг 70 фоизи ишлаб чиқариш соҳасига жалб этилган бўлса, қолган қисми ноишлаб чиқаришга сарфланди.
Танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам муҳокама этилди.
Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.