Муқанна таълимоти парда остида
Эҳтимол, Муқанна ҳақ динни ниқоб қилиб олган золимларга қарши чиққандир?
Истиқлол туфайли Ватанимиз тарихининг сир-синоатга тўла саҳифаларини қайта, тўлароқ ўрганишга кенг йўл очилди. Чунончи, минг йиллар қаъридан шуъладек бўлиб кўринган Муқанна аслида ким эди? У чиндан ҳам араб истилочиларига қарши курашганми ёки иймон ва эзгуликка қарши исён қилганмиди? Муқанна ўзини пайғамбар ва ҳатто “худо” қилиб (астағфуруллоҳ) кўрсатишида не маъно бор эди? Биз уни қандай тушуниб келдик? Тушунчамиз холис ва тўғри эдими?
Эҳтимол, Муқанна ҳақ динни ниқоб қилиб олган золимларга қарши чиққандир? Бу саволлар асрлар давомида жавобсиз қолмоқда.
Алломаларимиз қилни қирқ ёриб, бу воқеа ҳақиқатини билишга интиладилар. Бу мақола ҳам ана шу саволларга жавоб излайди. Мавжуд маълумотларга янги назар ташламоқчи бўламиз. Демак, янги назар. Тўғрироғи, янгиланаётган назар.
Ўзбекистонимизда ижтимоий жараён қизғин паллага кирди. Кечаги кун “доҳий”ларнинг “дин-афюн” деган гаплари янглишувдан бошқа нарса бўлмаганлиги бугун тобора равшан тортмоқда. Тарихий сиймолар, воқеаларни ёритиш, баҳолашда ҳақиқат, холислик, миллий тараққиётда тутган ўрни мезон қилиб олинмоқда. Ўша зиддиятли, сирли, кўп жиҳатлари номаълум тарихий шахсларга ҳам миллий истиқлол нури равшанлигида қараш имконияти туғилмоқда. Шундай кўп ҳодисотлари тарих пардалари остига яширинган зотлардан бири Муқанна.
М.Маҳмуд ва Ш.Бакир ушбу ўта пардадор зотнинг сирини англаш учун кўҳна саҳифаларни варақлаб кўришни ният қилган.
Таҳририят. “Миллий тикланиш” газетаси 1996 йил 17 сентябрь, 37(66)-сон.
Ўрта Осиёга араблар биринчи бор 674 йилда Убайдуллоҳ ибн Зиёд бошчилигида кириб келди. И.Ю.Крачковскийнинг ёзишича, араблар “ўзлари босиб олган мамлакатларнинг ҳаммасига қараганда маданиятлироқ ўлкага дуч келдилар”. Ўрта Осиё халқлари бу даврда юксак даражада ривожланган суғорма деҳқончилик, чорвачилик, савдо ва ҳунармандчилик билан шуғулланардилар. Хоразм, Суғд ва қадимий турк тош битикларининг топилиши бу даврда халқларимиз маданиятининг юксаклигидан далолат беради.
Ўрта Осиё халифалик таркибига кириши Қутайба ибн Муслимни Хуросонга ҳокимлиги пайтидан(704) бошланди.
Қутайба Ўрта Осиёда исломга кирганларга имтиёзлар берди. Жума намозига келган кишилар айрим солиқларлан озод қилиниб, уларга икки дирҳамдан пул улашилди. Қутайбанинг босқинчиликларини инкор қилиб бўлмайди. Аммо у ислом дини ривожи учун катта хизмат қилди. У Марказий Осиёдаги ўз сиёсатида “куч-исломда” деган ақидага амал қилди. Қутайба 717 йилда ҳокимият талашган араб саркардаси томонидан ўлдирилди. Хуросон ҳокимлари тез-тез ўзгариб турди. Улардан бири Жарроҳ ибн Абдуллоҳ мамлакатни фақат қилич ёрдамида идора қилиш мумкин деб, ҳаммадан бир хил хирож ундирди, илгариги барча имтиёзларни бекор қилди. Бу эса аҳолининг норозиликларига сабаб бўлди ва бир неча бор қўзғолон кўтарилди. Қўзғолонлар даҳшатли хунрезликлар билан бострилди. Масалан, Табарий Хуросон хокими Йазид ибн Муҳаллаб Даҳистон вилоятини олишда 14 минг турк аскарини ўлдирганини ёзади.
***
Муҳаммад пайғамбаримизнинг аммакиваччаси Аббосининг авлодлари тахтга келишини тарғиб қилиш учун 746 йилда Абу Муслим Хуросонга келди ва халифаликни аббосийлар эгаллаши учун кураш бошлади.
Абу Муслим Ўрта Осиё халқларининг жозибали қаҳрамонларидан бирига айланди. Бу даврда аждодларимиз исломнинг ҳақ дин эканлигини билиб, унга чин кўнгилдан эътиқод қилаётган эдилар. Шу сабаб бўлса керакки, улар ҳам ҳалифаликни пайғамбар авлоди эгаллаши зарурлигини тушундилар.
748 йилда Хуросон ва Мовароуннаҳр мусулмонларининг катта ёрдами билан Абу Муслим бошчилигида аббосийлар халифаликни уммавийлардан тортиб оладилар. Уммавийлардан жабр кўрган халқ бу ишларнинг ҳаммаси Абу Муслим шарофати билан бўлган деб уни ҳурмат қилади ва у ҳақида қўшиқлар тўқийди. Бунга мисол қилиб халқимизнинг севиб ўқийдиган китобларидан бири “Абу Муслим жангномаси”ни келтириш мумкин.
***
Кетма кет қўзғолонлар ичида майдонга Муқанна келди.
Муқаннанинг асл исми Ҳошим ибн Ҳаким бўлиб, у Абу Муслим даврида Хуросон лашкарбошиларидан бири эди. Абдулжаббор Аздий Хуросонга ҳокимлик қилганда (758 йил) Муқана унга вазирлик қилади. Шу сабабли уни кир ювувчи, бўёқчи деб бўлмайди. Наршахийнинг хабарига кўра, Муқаннанинг отаси ҳам лашкарбоши бўлган. Отаси Балх шаҳридан эди. Шу сабабли Муқаннанинг қайси қавмга мансублиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.
У вазирлик лавозимида ишлаб турганида пайғамбарлик даъвоси билан чиқди ва халифа Абу Жаъфар Давонақийнинг талаби билан Бағдодга келтирилиб, зиндонда сақланди. Мусулмон тарихчиси Наршахий уни “кўзбўямачилик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганди” дея таърифлайди. Муқаннани бугун истеъдодли кимёгар ва ихтирочи деб қараш ҳам мумкин. Фақат унинг илми ўтмиш тарихчилари томонидан афсунгарлик ва ҳийлакорлик деб қаралди.
Муқанна бир неча йил зиндонда ётди. Сўнг тавба қилди. Озод бўлди. Буни айрим яқин ўтмиш тарихчилари “зиндондан қочди” дея таърифлашди.
У тилда исломни қабул қилди. Аммо зиндондан чиқиб Марвга келгандан сўнг қасамни бузади, исён оловини ёқади. У Марвга қайтиб келганидан сўнг энди пайғамбарлик эмас, биратўла “худолик”ни даъво қилади. “Мен сизнинг ва бутун оламнинг худосиман, ўзимни қандай ном билан атасам атайвераман”, деган гапларни айтади (Наршахий). “Мен халқққа ўзимни Одам Ато, Нуҳ, Иброҳим, Исо, Мусо, Муҳаммад(с.а.в) ва Абу Муслим суратида кўрсатадиган зотман. Мана энди шу суратдаман”- дея номалар ёзади.
Баъзи ХХ аср муаллифлари Муқанна исёнига эргашган халқларни “тезда исломдан воз кечиб, уни динига кирдилар” деб ёзишган эди. Лекин ахир Ўрта Осиё халқлари исломдан аввал зардўштийлик, буддизм, шаманизм динларига сиғинганлар-ку! Муқанна ўз ҳаракти ва таълимотига бу динларнинг бирортасини ҳам асос қилиб олмайди. Воқеалар таҳлили шуни кўрсатадики, унинг таълмотининг асосини исломга зид ишлар ташкил қиларди. Бағдодийнинг маълумотига кўра, Муқанна ислом тақиқлаган ҳамма нарсани “ҳалол” қилди ва “таъқиқ” сўзини умуман “таъқиқлади. Муқанна аввалига ўз таълимотини Хуросонда ёймоқчи эди, аммо унинг орқасидан у ерда ҳеч ким эргашмади.
***
Бу пайтда Мовароуннаҳрда “Оқ кийимликлар” қўзғолони бўлаётган эди. Муқанна бу қўзғолондан фойдаланиб қолишни мўлжаллаб у ёққа қайнотаси Ибн Аминни юборди. Мовароуннаҳрнинг кўплаб қишлоқлари Муқаннага эргашди. Бунинг асосий сабабини Музаффар Хайруллаев 1971 йилда нашр этилган “Уйғониш даври ва Шарқ мутафаккири” деган китобида “ислом динининг тарқалиши деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида айниқса секин борди” деб тўғри кўрсатган. Ҳа, ислом таълимотини тўғри тушунмаган халқ Муқаннага алданди. Табарийнингёзишича, Хуросонда атиги 35 киши Муқанна таълимотини қабул қилган ва у билан яширинча Амударёдан ўтганлар. Улар Кеш шаҳрига бориб, шу жойда муқим ўрнашдилар. С.Айний “бу ерда Муқанна яшириниб юрмай, бош қўмондон ёки мустақил подшо сифатида ҳаракат қиларди” дея ёзади. О. Г. Большаков араб тарихчиси Баъламийнинг фикрига таяниб, “Муқанна таълимотига асосан деҳқонлар эргашди” деган фикрни илгари суради. У ўзининг 1973 йили “Наука” нашриётида чоп этилган “Средневевовый город Средней Азии” китобида “Шаҳарликлар қўзғолонга душманлик руҳида бўладилар”, “Бухороликлар қўзғолонни бостиришга халифага ёрдам берадилар”, “Нахшабда эса шаҳарликлар Муқанна тарафдорларидан шаҳарни ҳимоя қилишга бир-бирларига қасамёд қиладилар”, “Ўрта Осиёда Муқанна олган яккаю ягона шаҳар Самарқандда ҳам қаршиликлар бўлди”, деган гапларни ёзади.
Муқанна Кеш вилоятидаги Санам тоғи тепасидаги мустаҳкам бир қальага жойлашади. Бу қальанинг ичида яна бир ундан ҳам мустаҳкам ҳисор бор эди. Бу қальани ўша замон ҳарбий қудрати билан олиш жуда мушкул эди. Бунга ишонган Муқанна мол-ҳол ва беҳисоб озиқ-овқат йиғиб, “оқ киймлик”ларга сиёсий раҳномалик қилади. Уларга мусулмонларнинг қони ва молини ҳалол деб ҳукм чиқаради.
Наршахий Муқанна динига кирганлар ҳақида баъзи маълумотларни келтиради. У ёзади: “Улар ўзлари Муқаннанинг ким эканлигидан бутунлай хабарсиз бўлсалар ҳам унинг динидалар”. “Хотин худди гулга ўхшайди, уни ким ҳидласа ҳам (барибир) камайиб қолмайди”- деб хотинларни бир-бировларига ҳалол ҳисоблайдилар”. “Айтишларича, ҳар бир қишлоқда биттадан (тайинлаб қўйилган) киши бўлиб, шу қишлоқда кимки биров қизга уйланмоқчи бўлса, қизнинг бакоратини(қизлигини) аввал ўша киши олади, шундан кейингина қизни эрига топширадилар”.
Ислом дини ва Муқанна таълимотини таққосласак, мана шу мисолларнинг ўзиёқ унинг қиёфасини очиб беради. Унинг яна бир одати бор эди. Бу ҳақда яна Наршахийга мурожаат қиламиз: “Қаерда хушрўй хотин бўлса, унга хабар берар эдилар ва Муқанна уни олдириб келиб ўзи билан бирга сақлар эди”.
Муқанна динининг кенг ёйилишига чек қўйиш учун халифа Махдий Нишопурга келиб, унга қарши курашни ўз қўлига олади. Аввалига Бухоро қозисининг таклифига кўра, Муқанна динига сиғинувчи қўзғолончиларни ислом динига киришга таклиф қилишади, аммо рад жавобини олишгач, жангга киришадилар. Биринчи куниёқ “оқ кийимликлар” мағлубиятга учраб, қочиб кетишади. Иккинчи куни улар омонлик сўраб, мусулмонликни қабул қиладилар, бу хақда тузилган сулҳга имзо чекадилар.
Аммо “оқ кийимликлар” бу сулҳни бажармайдилар. Уларнинг эндигина бош кўтараётган кўк рангли экинларни(майсаларни) пайҳон қилишларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
***
780 йилда Хуросон хокимлигига Мусайяб ибн Зуҳайр тайинланганидан сўнг Муқаннанинг аҳволи танглашади. Бунга бир қанча сабаблар бор эди. “Оқ кийимлик”ларга ёрдамга келган турк лашкарлари жуда бебош, шафқатсиз эдилар. Улар тўғри келган қишлоқ ва жойларни таларди.
“Моҳи Нахшаб” деб аталувчи сунъий ой – Муқанна кашфиёти эди. У лазер нуридан фойдаланишни ҳам биларди. Муқанна мана шу тўрт йил мобайнида шу икки мўъжизаси билан шуҳрат топди.
Муқаннанинг “худо” эмаслигини яқин одамлар, шу жумладан акалари ва лашкарбошилари яхши биларди. (Хотинлари тўғрисида гапиришнинг ҳожати йўқ. Улар қальадан ташқарига чиқмасдилар).
Ташқи қальада энг яқин одамлари мусулмон бўлгач, Муқанна ва юзта хотини ички қальада қоладилар. У хотинларига заҳар солинган май бериб ўлдиради, сўнгра ўзи ҳам тўрт кеча-кундуз ёниб турган тандирга сакраб, жонига қасд қилади. Бошқа ривоятга кўра заҳар ичади.
Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, Муқанна қўзғолонини арабларга, халифаликка ва феодалларга қарши кураш деб, “миллий озодлик ҳаракати” эди, деб талқин қилиш тўғри эмас. Бу ҳаракатда қайси ижтимоий табақалар қатнашгани бизга номаълум.
Шарқ фалсафаси ва тарихни яхши билувчи аргентиналик машҳур адиб Луис Борхес “Марвлик хаким ёки ниқобли пайғамбар” ҳикоясида Муқаннани кимё илмидан хабардор бўлгани, у дуо кучи (ёки экстрасеанслик қобилияти) билан арслонлари ҳам ўзига бўйсинтиргани, «худолик” даъво қилиб (Наршахий айтганидек “оғзига тупроқ тўлсин”) ислом шариати ўрнига ўзининг янги таълимотини илгари сурганини тасвирлайди. Луис Борхес, Муқаннани бир жойда “хуросонлик” деб, бошқа жойда “Туркистондан” деб атайди. Уни Марв шаҳрида ҳижрий 120, Масиҳ таваллудининг 736 йилида туғилган, деб ёзади. Адиб аббосийлар тарихчиси Абу Тоҳир Тайфурнинг “Китобул-кабир” асаридан далил келтириб шундай ёзади:
“Бир тўда халойиқ карвонсарой дарвозаси олдида Марв йўлидаги саҳрога қараб ўтирган эдилар. Уфқда шу пайт уч маҳобатли одамнинг қораси кўринди. Улар яқинлашганида кўрдиларки, ўртадаги энг баланд бўйлиги хўкиз бошли, икки ёнидагилар кўр одамлар эдилар. Одамларнинг таажжубли саволига Ниқобли одам: “Булар менинг жамолимни кўргани учун кўр бўлиб қолган”, деб изоҳ берди. Бу одам кейинча хўкиз ниқобини кўзни қамаштирувчи тўрт қаватли оппоқ шойи бурқаъ билан алмаштирган. Ҳаким ибн Усмон (Наршахийда — Ҳаким ибн Ҳошим) ҳалойиққа айтдики, хижрий 146 йилнинг бир кечаси у ўз уйида ибодат қилиб ўтирганида фаришта Жаброил келиб ханжар билан унинг бошин кесиб олиб, ўнг кафтига қўйганича,Тангри даргоҳига олиб борган. Гўёки, Тангри Муқаннани “боши” билан гаплашиб, ҳеч кимсага айтилмаган қадимий сирли билимларни ўргатган ва пайғамбарлик вазифасини топширган, унинг жамолини шу қадар нурли қилиб юборганки, кўрган киши бу нурга тоқат қилолмай, сўқир бўлиб қолар экан. Фаришталар унга сажда қилганида бу нурга тоқат қила олар экан.
Муқанна таълимотига кўра, араблар келтирган дин янглиш ва уларнинг пайғамбари ҳам “сохта”, фақат Ҳаким-Муқаннагина “чин пайғамбар” эмиш. Унинг дини оламга ёйилиб, қарор топганидагина одамлар нурли жамолини кўришга тоқат қила олар экан.
Луис Борхеснинг бадеа-ҳикояси сирли, тасаввуфий, мажозий ишораларга бойлигидан ташқари, Муқанна диний таълимотининг мазмунини келтириши билан қимматлидир. Бу таълимотга кўра, “космогония – оламлар тузилиши марказида энг покиза Худои таоло туради. Тангри илоҳий моҳият бўлгани учун унинг зоти насл-насаб шажарасига муҳтож эмас (яъни тангрининг ота, онаси, қариндошлари йўқ), у исмга ҳам, муайян моддий қиёфага киришга ҳам муҳтож эмас (Ислом динида эса Худои таоллонинг 101 ёки 1001 исми бор дейилади). У ўзгармас, абадий тирикдир. Аммо ундан тўққиз соя тушиб туради ва булар тўққиз осмонни ташкил этади. Биринчи осмон Тангрининг сояси, унда Арш, Курси, Лавҳ ва Қалам, Фаришталар бор. Биринчи осмоннинг кўзгудаги акси эса-иккинчи осмондир. Унда ҳам биринчи муқаддас илоҳий осмондаги Арш, Курси ва ҳакозолар бор, фақат улар – биринчи осмондагиларнинг соясидир. Мана шу муқаддасликлар яна соя ташлайди ва бу – учинчи осмондир. Учинчи осмоннинг сояси – тўртинчи осмон: унинг сояси – бешинчи осмон, унинг сояси олтинчи осмон, унинг сояси – еттинчи осмон, унинг сояси – саккизинчи осмон, унинг сояси – тўққизинчи осмондир. Бу осмонлар марказидан – Тангри даргоҳидан қанча узоқ бўлса, равшанлиги ҳақиқати шунчалик камроқдир.
Шу ергача Муқанна таълимоти ислом диний фалсафасига яқин. Аммо, аргентиналик адиб ва олимнинг баён этишича, бу соялар яна пастки осмонларга соя ташлайди ва улар адади – 999 тадир. Демак,Тангри даргоҳидан энг узоқ 997 ё 999-осмонларда Илоҳ нурининг равшанлиги шунча кам, у оламларда (Ислом фалсафасида 18 000 олам) муқаддас, эзгу ишлар жуда кам ва гуноҳлар, иллатлар шунча кўпроқдир.
Муқанна таълимотига кўра, инсонлар яшайдиган Ер курраси ана шу 999 осмоннинг энг охиргиси, ҳатто Худонинг эътиборидан ҳам четда қолган бир “янглиш дунё”дир. Шу туфайли Ер юзида одамларнинг жуда кўпчилиги Худонинг амр-фармонларига амал қилмайдилар ва деярли “барчалари келгусида дўзаҳ аҳлидирлар”. Муқанна фикрича, мана шу дунё (ҳойу ҳаваслари)дан юз ўгириш энг яхши фазилатдир. Бу фикр исломга зид эмас.
Болаларни кўпайтириш – гуноҳларни кўпайтириш эканлигидан нафратга сазовор ишдир. Муқанна фикрича, бу дунёдан юз ўгиришнинг икки йўли бор. Бири вужуд, хойу ҳаваслари (ҳавойи нафс)дан воз кечиб, авлиёлардек яшаш. Иккинчиси – мутлоқо хойу ҳавасларга берилиш, барча гуноҳ ишлардан қайтмаслик (“модомики, борар еримиз – дўзах экан, бу дунёда ўйнаб-кулиб қолиш керак”). Кўринадики, Муқанна таълимотининг мана шу қисми шайтонийдир ва инсон маънавий камолоти учун жуда хавфлидир.
Муқана ҳақидаги тарихий ва диний манбалардан шулар англашиладики, у яшаган замонда Хуросон ва Мовароуннаҳрда ислом дини ҳали кўпчилик одамларнинг дилига мустаҳкам ўрнашмаган, ҳали уларнинг кўнгиллари иймон нури билан ёришмаган. Бизнингча, бунинг сабаби, араб ва ажамлик хокимлар ислом динига, адолатли шариатга амал қилмай жабр-зулм билан, қонли қирғинлар билан шуғулланганлиги эди.
Баъзи араб лашкарбошилари ҳатто ўзининг мусулмон рақибларига қарши курашда Турон бекларидан ёрдам сўраганлар ва олганлар. Бундай шароитда араб лашкарларига, халифаликнинг бебош кучларига қарши Туронда Муқанна каби одамлар ўзини пайғамбар деб эълон қилиши ҳайрон қоларли эмас эди.
Табарийнинг ёзишича, Муқанна сўнгги кунларида мусулмон қўшинига асир тушса, нечоғли азобларга дучор бўлишини билиб хорликдан кўра ўлимни афзал кўрган. “Ҳарамидаги 104 хотинига базм вақтида пиёлаларига заҳар солиб берган ва ўзи ҳам заҳар ичиб ўлган”. Табарийнинг замондошлари Балазурий ва Ибн Тайфур асарларига таянган Луис Бархес эса, Муқанна қальа девори устига кўзгу линзали қуролини тайёрлаб, қуёш чиқишини кутиб турганида, ўлмай қолган бир хотиини уни фош этган ва эрининг юзи оқлигини айтиб қўйган. Муқанна сафдошларидан иккитаси унинг олдига таъзим қилишга боргандай, яқинлашиб, ниқобини очиб ташлаган ва юзини кўриб, қўрқиб кетишган. Муқанна боши эвазига ўз жонларини сақлаб қолишга уринган айрим сафдошлари уни найзалари билан ўлдирганлар.
Муқаннанинг ўзини қизиб турган оловга ташлаши ҳақидаги ривоят кейинроқ тўқилган бўлса керак. Атоқли миллий шоиримиз Ҳамид Олимжон “Муқанна” номли фожевий драмасида бу ривоятдан маҳорат билан фойдаланган. (Хонанда ҳофиздаримиз куйлаётган “Сўзингни зарраси текканда олам бобу боб куйгай” ашуласи шу драммадан).
Хулоса шуки… Лекин ҳали хулоса қилишга шошилмайлик. Бу даврнинг тарихий воқеаларини, мураккаб шахслари ҳаётини аввал яхшилаб ўрганайлик, Ислом ва Муқанна таълимотларини таққослашдан аввал Берунийнинг Муқаннага берган таърифини келтирмоқчимиз. Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида “У динига кирганларга “бошқаларни моллари ва хотинларини ҳалол қилди, қаршилик кўрсатганларни ўлдирди ва Маздакнинг барча йўл-йўриқларини уларга қонун қилиб берди” деб ёзади. Агар шу рост бўлса, Муқана зардўшт, хусусан Маздак таълимоти давомчиси деган фикр туғилади….
Маҳкам МАҲМУД,
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ