
Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Ёғочли Сардоба” қадимий сув сақлаш иншооти Тошкент – Термиз М-39 йўлининг устида жойлашган. Бу каби сардобалар Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё вилоятларида қисман сақланиб қолинган. Бундай иншоотлар чўллар бағрида сувни йиғиш, уни тежаб ишлатиш усуллари аждодларимиз томонидан илмий асосда бажарилганининг амалдаги исботидир.
Сардоба туманидаги Гумбаз қишлоғи аҳли, айниқса, раҳматли Мардон ҳожи ота Эшонқулов ва унинг фарзандлари, неваралари қадимий сув сақлаш иншоотини кўз қорачиғидек асраб келмоқда. Чунки бу ерга республикамизнинг турли бурчакларидан зиёратчилар тез-тез келиб туради. Эшиги қулф бўлса, Мардон бобо хонадони бир қадам, бири бўлмаса бири, дарров келиб эшикни очади. Кўп йиллар олдин Мардон бободан “Агачли (Ёғочли)” атамаси сабабини сўраганимизда, бу ерда ҳақиқатан ҳам ўнлаб катта-катта дарахтлар бўлгани, ярим ўтроқ чорвадорлар яшайдиган овул шундай номланганини айтган эди. Буни қарангки, дарахтлар айнан қадимий сув сақлаш иншооти туфайли униб-ўсган экан. Ҳа, аждодлар заковати туфайли чўлда мана шундай ўзига хос карвонсарой қурилганки, у ҳам қуёш тиғидан сақлайдиган ўта салқин оромгоҳ, ҳам дам олиш қўналғаси, ҳам кишилар ва уй ҳайвонлари чанқоғини қондирадиган ҳовуз вазифасини ўтаган.

Ўн метрдан зиёд чуқурликка эга қудуқ ўртасидан тикка иккига ажралган бўлиб, ярми чучук, яъни одамлар учун, ярми чучукмас, яъни чорва моллари учун сув йиғилиши таъминланганига нима дейсиз?!

–1962 йили ака-укаларимиз, амакиларимиз билан шу ерга Ғаллаорол туманидаги Чувиллоқ қишлоғидан келиб кўч ташладик, – дея хотирларди Мардон бобо. – Қозоқ чорвадорларнинг уч-тўртта қора уйлари бор эди, тез орада ўша ўтовлар ҳам йиғиштирилди. Қўриқ ўзлаштирила бошлангач, чўпон-чўлиқларга нон қолармиди? Яна бир-икки йил кечроқ кўчиб келганимизда бу ерда ёдгорликдан ном-нишон қолмасди. Обида тепасининг анча қисми очилиб қолган, ғиштлари олиб кетила бошланган экан. Уни яйлов жойларда ўчоқ, пана жойлар қуриш учун олишган. Оқолтин тумани маркази ўрнидаги ва оралиқда сардобалар йўқ бўлиб кетишининг сабаби ҳам шу.

Ўн беш йилча муқаддам, ГулДУ кекса ўқитувчиси Чор Россияси географ олимлари томонидан 1913 йилда тайёрланган харитани кўрсатган эди. Ўша харитада ҳозирги Сардоба тумани ҳудудида иккита кичик аҳоли яшаш пункти қайд этилган экан. Бири Қўрғонтепа (Сардоба сув омбори шимолий ғарбида, ҳозирги ўша овул номи билан аталмиш маҳалла ҳудудида), иккинчиси Агачли (қазоқчадан ўзбекчага ўгирилса, “Дарахтли”) биз ҳикоя қилаётган қишлоқда.

Обида эгаси – вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Р.Арипов бизга тақдим этган ҳужжатларда кўп нарса англаниб турибди ва айримлари, саралаганларини мухтасар ҳолда ҳавола этамиз.
Президентимизнинг 2017 йил 17 январда Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ўтказилган мажлис баёни қарорига кўра, жумладан, Сардоба туманидаги маданий мерос объектини таъмирлаш-тиклаш учун республика бюджетидан 600 миллион сўм ажратилган, шундан 493,8 миллион сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Сирдарё вилояти ҳокимлигининг 2023 йил 23 мартдаги фармойишига кўра вилоятдаги тўртта маданий мерос объектлари қатори Сардоба обидасини ҳам ЮНEСКО умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш ҳужжатларини тайёрлаш ва амалга ошириш учун 75,8 миллион сўмлик маблағ ажратилди, муайян чора-тадбирлар бажарилди, ҳозирда республика миқёсидаги тегишли идоралар кўмагида халқаро экспертлар келиши кутилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят кенгашининг 2023 йил 29 мартдаги қарорига кўра, жумладан, Сардоба зиёратгоҳини доимий назоратга олиш юзасидан уч нафар ходим штати ажратилиши белгиланган ва мутасадди ташкилотларга сўровномалар юборилган.
– Кўклам келди дегунча зиёратгоҳ теграсида вақти-вақти билан ободонлаштириш ишлари, ҳашарлар ўтказилади, – дейди гумбазлик Ғулом Эшонқулов. – Бундай хайрли ишлар кеч кузгача давом этади. Хусусан, туман Ободонлаштириш бўлими, туман Маданият ва туризмни ривожлантириш бўлими ходимлари тез-тез бу ерга гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, ҳамма ёқни чиннидай тозалаб кетишади. Бошқа пайтлари, раҳматли отам Мардон ҳожи насиҳати билан ўзимиз қўлдан келгунча назорат қилиб, супуриб-сидириб турамиз.
Ҳозирда зиёратгоҳ бағрида тез-тез байрам тадбирлари, маънавий-маърифий маросимлар ўтказилади, шўх ва майин мусиқа садолари янграйди. Сардоба тарихий обидаси сардобаликлардан, айниқса, гумбазликлардан беҳад миннатдор деб, бемалол айта оламиз.
Шуҳрат Суяров,
ЎзА