Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мўъжизакор шеърият соҳиби

Ойбек шеърияти – бетакрор, мўъжизакор, нафис, ғоят дилбар, самимиятга тўла шеърият. Йиллар ўтса ҳамки, унинг оҳори тўкилмайди. Зеро, олтин зангламас, деган нақл гўё Ойбек домла шеъриятига тааллуқлидек.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар  академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ойбек уй-музейи илмий ходимлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тадқиқотчилари ҳамкорлигида нашрга тайёрланган “Ёш кўнгил. Ойбек – кеча ва бугун” номли тўпламнинг тақдимоти бўлиб ўтди.  

Тақдимот тадбирида Ойбек ижоди хусусида батафсил сўз юритилди.  

[gallery-22259]

Китоб икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмига Ойбекнинг асрлар чегарасидан ошиб, бугун ҳам севиб ўқилаётган шеърлари киритилган. Иккинчи қисмидан улуғ адиб ва шоир асарлари тадқиқига бағишланган монография ва мақолалар ўрин олган. Монография ва мақолалар муаллифи – адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Улуғбек Ҳамдам.

Китоб билан танишиб чиққан ҳамюртларимиз Ойбек кечаги кун ижодкоригина эмас, балки бугун ва эртанги кунимиз учун ҳам улуғ хизматлар қила оладиган улкан адиб ва ҳассос шоир эканига гувоҳ бўлади.

Тақдимот тадбирида Ойбек ижодиёти, унинг беназир ва гўзал шеърияти хусусида батафсил сўз юритилди.  

Н.Усмонова,

Ойбек Пардаев (сурат)

ЎзА