Мўйноқдаги “Алиовул” қишлоғи обод бўлмоқда
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Денгизнинг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимликлардан иборат ўрмонзорлар барпо этилаётгани, Оролбўйи аҳолисининг муносиб турмуш шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар шулар жумласидандир.
Бир пайтлар денгиз порти бўлган Мўйноқ денгиздан юзлаб километр олисда жойлашгани айни ҳақиқат. Тумандаги “Алиовул” қишлоғи туман марказидан 80 километр узоқликда жойлашган бўлиб, бу ерда 3 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. “Алиовул”да яшаётган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, шунингдек, бу ерда муносиб инфратузилмани барпо этиш мақсадида Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилмоқда.

– Телевизорда “Обод қишлоқ” дастури асосида обод бўлаётган қишлоқ ва овулларни ҳавас билан кузатиб, кун келиб бизнинг Алиовулда улкан ҳажмдаги ободонлаштириш ишларининг олиб борилиши хаёлимга ҳам келмаган эди, – дейди овул оқсоқоли Мажид Шерниязов. – Бу каби ишларда овулимизнинг ёшу қариси дастурнинг амалга оширилишига ўз ҳиссасини қўшишга бел боғлаган.

Бир сўз билан айтганда, “Алиовул”да ободонлаштириш ишлари қизғин паллага кирди.
Шунингдек, мазкур овулда Нукус шаҳри ва Мўйноқ тумани марказидан келган бир гуруҳ шифокорлар бўлиб турибди. Малакали мутахассислар томонидан ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар давомида овул аҳли ультратовуш, УЗИ, ЭКГ текширувларидан ўтказилиб, мобиль лабораторияда қон таҳлили билан бир неча сонияда танишиш имконига эга бўлмоқда.

Бундан ташқари "Алиовул"да “мобиль давлат хизматлари” автобусида 100 дан зиёд давлат хизматлари тақдим этилмоқда.

Қайд этиш керакки, олиб борилаётган бу каби ишлардан "Алиовул" қишлоғи аҳолиси миннатдор.
Бердах ЖИЕНБАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бош мутахассиси