Шу вақтгача аёлларнинг иш билан таъминланиши ҳақида кўп эшитганман: тикувчилик, ошпазлик, сартарошлик, фаррошлик, оқсочлик ва ҳоказо. Лекин, мотор йиғиб ўз-ўзини иш билан банд қилган аёл ҳақида илк бор эшитишим.
Қорақалпоғистон Республикаси Нукусдаги «Байтерек» МФЙ ҳудудида яшайдиган 34 ёшли, ёлғиз аёл, уч фарзанднинг онаси Алфия Алланиязованинг темир-терсак устаси эканлиги ҳақида эшитиб, уйига йўл олдик.
Алфия «Аёллар дафтари» рўйхатига киритилган.
Турмуш ўртоғи билан 3 та фарзандни дунёга келтирган, аммо, оиланинг барча масъулияти Алфиянинг бўйнида қолган.
Бундан 5 йил аввал у ҳаётида муҳим бўлган қарорни қабул қилди: энди темир-терсак билан шуғулланишни олдига мақсад қилди. Ундан олдин кафеда ишларди, лекин, топгани рўзғорга етмасди. Боз устига уйга кеч келарди. Аёл кишининг тун ўртасида кўчада юриши, албатта, ўзига ҳам бошқа яқинларига ҳам ёқмасди.
Алфия уйига кирадиган жойни устахона қилиб олган, ташқаридан кириб келганимизда қандайдир иш билан машғул экан. Манзарани кўриб, аёл кишининг бундай иш билан шуғулланаётганига таажжубланиб турдим. Сочилиб ётган симлар, темир парчалари, ускуналар, жиҳозлар, бузилган тикув машинаси, чангютгич, насоснинг мотори ва ҳоказо. Онасининг қошида болалари ҳам ўйнаяпти.
"Биронта нарсамга тегмаларинг, биттаси йўқ бўлиб кетса, кўрасизлар мендан", деб болаларини койиб қўяди. Ҳақиқатдан ҳам шу сочилиб ётган темир буюмларнинг биронтаси ортиқча нарса эмас экан.
- Болалигимдан темир-терсакка қизиқаман, - дейди Алфия. –Дадамнинг нарсаларини олиб кетиб, ўйнардим. Ростини айтганда шу касб ўзимга завқ бағишлайди. Музлаткич, кир машина, чангютгич, телевизор, электр гўштқиймалагич ҳаммасини тузатавераман. Асосан, насос моторларини ремонт қиламан. Яқинда битта насосни ишладим. Меҳнат ҳақимга 2 млн. сўм берди. Бир кунлик меҳнатим бу.
Алфия ўз касбини йўлга қўйиш учун пулга муҳтож эди. Банкка борса, нима иш қиласан, деб сўрайди. «Мотор йиғаман» деса, банк ходимлари ажабланади ва шу тариқа анча вақтдан буён иши юришмай келаётганди. Шунинг орасида бошқа иш бўлса кўрай, деб фуқаролар йиғинига бориб турди. У ерда ҳам тайинли жавоб йўқ.
- Алфия бизга иш сўраб кўп келди, - дейди «Байтерек» МФЙ котиби Итибар Султамуратова. – Лекин, иш жойи муаммо-ку, нима дейишимизни билмаймиз. Бир куни «менга кредит олиб беринг, ўзимнинг тадбиркорлигимни йўлга қўяман» деб келди. «Нима қилмоқчисан?» десак, яна шу гап: «темир-терсакка ишлов бераман», «тайинли ишинг йўқ, қандай қилиб кредитни сўндирасан» деб йўлидан қайтармоқчи бўлдик. Лекин, у қатъий туриб олди.
Хуллас, кредит бермасидан олдин банк ходимлари уйига келган, ишлаётган ишини кўрган, устахонада унинг қандай қилиб бузилган моторни тузатиб берганига ишонч ҳосил қилган. Ниҳоят «Аёллар дафтари» имтиёзлари доирасида йиллик 14 фоиз билан 20 млн. сўм берилди. Мана иккинчи ой якунига етаяпти, Алфия эса кредитини ўз вақтида сўндириб боряпти. «Аёллар дафтари» тизими афзаллигини Алфия мисолида кўрса бўлади. У аввал менга иш топиб беринг, ёрдам пули беринг, топганим болаларимни боқишга етмаяпти, дерди энди буюртмалар учун шошиб юради, вақти йўқ.
Е.Қаноатов, ЎзА