Москва рингларида Ватанни улуғлаганлар кутиб олинди
Бугун тонгда Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳарбий боксчилар ўртасида ўтказилган 58- жаҳон чемпионатида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, Ватанимиз шарафини улуғлаган спортчиларимиз пойтахт аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва мамлакат бокс федерацияси мутасаддилари, боксчиларимизнинг ота-оналари, яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар иштирок этишди.
Музаффар спортчиларимизга гуллар тақдим этилди. Зарбоф тунлар кийдирилди. Уларнинг ғалабаси шарафига ҳарбий оркестр ғолиблик маршини ижро этди.
– 18-25 сентябрь кунлари ўтказилган жаҳон чемпионати кутилганидан ҳам муросасиз ўтди. Ўзбекистон терма жамоасининг 2-3 таркиби билан қатнашган бўлсак-да, ҳарбий боксчилар ўртасида Ўзбекистоннинг ўз ўрни борлигини спортчиларимиз намойиш қила олишди. Нуфузли мусобақада дунёнинг 36 мамлакатининг деярли тенг ярми асосий таркиб билан иштирок этди. Кўпгина терма жамоалар учун ушбу мусобақа жорий йилнинг 26 октябрь–6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтади. Биз ҳам қайсидир маънода айрим вазнлардаги иқтидорли боксчиларимизни синовдан ўтказдик. Ўйлайманки, Москва рингларида кутилган натижага эришдик. Умум жамоа ҳисобида, қозоғистонликлар билан бир хил 7 та медалга сазовор бўлган ҳолда чорак финалдаги муваффақиятларимиз эвазига 2-ўринни эгалладик, – дейди Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Элшод Расулов.
Тошкент халқаро аэропортидаги тантаналардан сўнг, ғолиб спортчиларимиз Ўзбекистон байроқлари билан безатилган автобусларда пойтахтимизнинг чароғон кўчалари бўйлаб Ўзбекистон бокс федерацияси сари йўл олишди.




Т. Рўзиев, ЎзА