Мош Хитойга экспорт қилинмоқда
Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида етиштирилган мош маҳсулоти Хитой бозорларига йўл олди. Бу — маҳаллий деҳқон ва тадбиркорлар меҳнати, агросаноат соҳасидаги ислоҳотлар самарасининг ёрқин кўрсаткичидир.
Туманда фаолият юритаётган “Оқолтин Экспорт Инвест” масъулияти чекланган жамияти Хитой компаниялари билан 5 миллион АҚШ долларлик экспорт шартномасини имзолади. Айни вақтгача корхона томонидан 2 миллион 780 минг долларлик мош маҳсулоти экспорт қилинди.

Корхонада Хитойдан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида маҳсулот ранги, тозалиги ва ўлчамига кўра сараланиб, халқаро стандартларга мос қадоқланмоқда. Бу эса Оқолтинда етиштирилаётган мошнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини таъминламоқда.
– Мош етиштириш ва экспорт қилиш орқали нафақат валюта тушуми, балки маҳаллий аҳоли учун иш ўринлари ҳам кўпаймоқда, – дейди “Оқолтин Экспорт Инвест” МЧЖ раҳбари Иноятулла Холбоев. – Корхонада 30 нафар ишчи доимий иш билан таъминланган бўлиб, йилига 10–11 минг тонна дуккакли маҳсулот қайта ишланади.

Жорий йилда туманда ғалладан бўшаган 7 минг гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экилиб, юқори ҳосил олинди. Бу фермер хўжаликларининг даромадини ошириш билан бирга, туманнинг экспорт салоҳиятини ҳам кенгайтирмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири