Мономарказлар хизматидан аҳоли мамнун
Президентимизнинг 2021 йил 8 январдаги “Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Наманган вилояти Наманган туманидаги Олахамак маҳалласида жойлашган Наманган касб-ҳунарга ўргатиш марказида “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилган бўлиб, 2023 йилда қайта таъмирланган коллеж биносида ўз фаолиятини бошлаган.
Мазкур мономарказда ишсиз, касбсиз фуқаролар камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари йўлланмаси асосида уч ойдан олти ойгача бепул ўқитилади. 43 нафар ишлаб чиқариш устаси ва техник ходим меҳнат қилаётган марказда тикувчилик, каштачилик, замонавий пардалар тикувчи ва дизайнер, ошпаз, қандолатчи, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, болалар массажчиси, веб дастурчи, маиший техникаларни таъмирловчи, мебелчи, электромонтёр, пайвандловчи, хорижий тиллар (инглиз, рус, корейс, немис) каби 22 та йўналишда билим берилмоқда.


Тингловчилар эгаллаган соҳаси бўйича иш билан таъминланмоқда, тадбиркорликка йўналтирилмоқда. Бугунги кунга қадар 378 нафар ишсиз фуқаро ўқитилмоқда. Касб масканида жисмоний имконияти чекланган вақтинча банд бўлмаганларга алоҳида эътибор қаратилади. Улар ҳунар ўрганиш билан бир қаторда стипендия ҳам олишади. Қолаверса, бу ерда “дуал таълим” ҳам жорий этилган. Марказда 40 та ўқув-амалиёт хонаси мавжуд бўлиб, замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган. Ўқувчилар учун спорт зал, мини футбол майдони қурилган бўлиб, улар машғулотдан бўш пайтда шуғулланиб, дам олишлари мумкин.
– Марказимизда ўқув машғулотларини амалиёт билан узвий боғлаб олиб бориш учун вилоятдаги етакчи бизнес субъектлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари жалб этилган, – дейди Наманган касб-ҳунарга ўргатиш маркази – “Ишга марҳамат” мономаркази директори Садриддин Тўхтаназаров. – Жумладан, турли мебелчилик йўналишидаги “Aliwood”, электр двигателларини таъмирловчи “Nammotor servis”, текстиль маҳсулотларига ихтисослашган “Ideal”, ошпазлик ва қандолатчиликка оид “Xadicha shirinliklari”, заргарлик бўйича “Gold silver invest”, балиқчилик йўналишидаги “Baliqsanoat” масъулияти чекланган жамиятлар билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.


Жорий йил давомида 2 минг 284 нафар кишини ўқитиш, бундан ташқари, кўп функцияли миграция хизматларини кўрсатиш маркази фаолиятини бошлаш режалаштирилган. Янги очиладиган марказда чет давлатларда ишлаш истагида бўлган йигит-қизлар, хорижий иш берувчилар ва иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилади. Қолаверса, рус, немис, инглиз, япон, араб, корейс тилларига ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилади. Марказ фуқароларнинг танловларда иштирокини таъминлайди, талабгорларга ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмаклашади. Бугунги кунда 20 кишига “Қирол Сежонг” ўқув дастури доирасида корейс тили, 40 та фуқарога эса “Tehnoconsult” ўқув маркази томонидан немис тили ўргатилмоқда.
Касб-ҳунар ўрганиш иштиёқидаги инсонлар устозлари меҳнатидан беҳад миннатдор. Айниқса, моҳир тикувчи уста Муҳайё Фаёзова, ошпаз ва қандолатчилар гуруҳи раҳбари Муаттар Ҳайдарова, пайвандчилар мураббийи Мўминжон Норқўзиевнинг маҳорат сабоқлари келгусидаги самарали фаолият учун асқатади.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири