Момолари ҳунарини ардоқлаб...
Наманган вилоятида миллий ҳунармандликнинг кўплаб турлари ривожланмоқда.
Наманган вилоятида миллий ҳунармандликнинг кўплаб турлари ривожланмоқда. Атлас ва адрас тўқиш, ёғоч ўймакорлиги, дўппидўзлик ва пичоқчилик, кулолчилик, темирчилик, каштачилик, зардўзлик, косибчилик каби ҳунармандлик мактабларининг маҳсулотлари бугун нафақат мамлакатимизда, балки ривожланаётган туризм, халқаро иқтисодий алоқалар туфайли бутун дунёда ўз мухлис ва харидорларини топаётир.Чуст туманида аждодларининг ҳунармандлик анъаналарини муваффақиятли давом эттириб келаётганлардан бири ҳунарманд-тадбиркор Ҳалима Қосимовадир. Чуст деганда кўпчиликнинг кўз олдига, аввало, бу ерда тайёрланадиган ўзига хос, бетакрор дўппи ва пичоқлар келади. Бу икки миллий ҳунармандлик маҳсулотимиз намунасини бугун дунёнинг деярли барча ҳудудларида учратиш мумкин, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, юртимизга келган хорижлик меҳмонларга эсдалик учун айнан шу буюмлар ҳам ҳадя қилинади.
Қизалоқлигидан бувиси, онаси ёнида ўтириб, дўппи тикиш санъатига меҳр қўйган Ҳалима Қосимованинг қўлидан игна-ю ипак тушмайди.
– Чустда дўппи тикишни билмайдиган қиз-жувон топилмайди, – дейди Ҳ. Қосимова. – Миллий ҳунармандликнинг бу тури чустлик қизларга момолардан мерос бўлиб, у асрлар оша сайқал топмоқда. Менинг онам, бувим, катта бувиларим ҳам бу ҳунарни ардоқлашган. Мен ўзим 8-9 ёшимда қўлимга игна олганман. Давлатимиз томонидан халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шароит туфайли бу соҳада ҳам катта ишларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлди. Ўйлаб қарасам, маҳалладаги юзлаб хотин-қиз бу ҳунар билан ўз ҳолича, тарқоқ, бозор муносабатларининг бугунги талабларидан анчагина бехабар ҳолда шуғулланаётган экан. Улар асосий ишидан, рўзғор юмушларидан бўш вақтларида қўлига игна олади. Хомашё топиш, тайёр маҳсулотни сотиш эса муайян қийинчиликлар туғдирарди. Уй-бекаларига кўмаклашиш, меҳнати самарадорлигини ошириш мақсадида 2000 йилда “Гулизор” хусусий корхонасини ташкил қилдим. Корхонамизга хорижлик меҳмонлар, халқаро нуфузли ташкилотлар вакиллари ташриф буюриб, чеварларимиз тиккан дўппиларни Ўзбекистондан эсдалик сифатида ўзлари билан олиб кетади. Бундан кўнглимиз қувончга тўлиб, фахрланамиз.
Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишда унга тумандаги бадиий буюмлар фабрикасида йигирма беш йил мобайнида тўплаган бой тажрибаси қўл келди. Айни пайтда корхонада тўқсондан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланган. Давлатимиз томонидан унинг миллий ҳунармандликни ривожлантириш ва аҳолини, хусусан, хотин-қизларни иш билан таъминлашга қўшган ҳиссаси юксак эътироф этилиб, Ҳ.Қосимова 2005 йилда Президентимиз фармонига мувофиқ “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.
“Гулизор” хусусий корхонасининг қўли гул дўппидўзлари қалб қўри, меҳрини қўшиб тиккан дўппиларнинг “Инжиқ”, “Зира”, “Қўшзира”, “Тароқ”, “Андижоннусха”, “Четаннусха” каби ўнлаб турлари пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро миқёсдаги кўргазмаларда муваффақиятли намойиш этилди. Ҳ.Қосимова 2008 йилда “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан” республика кўрик- танловида иккинчи ўринга сазовор бўлган.