Нукусда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан тижорат банклари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги экспертлари билан биргаликда маҳорат дарси ташкил қилинди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида ташкил қилинган семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан масъул ходимлар, тижорат банклари вакиллари, O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ходимлари, олий таълим муассасалари талаба- ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, молиявий саводхонлик, пулларни бошқариш, кўпайтириш ва барқарор келажакни қуриш билан биргаликда, бугунги кунда пулларни сақлаб қолиш ва ҳимоя қилиш кундан-кунга долзарблашиб бормоқда. Шундан келиб чиқиб, мазкур маҳорат дарсида рақамли молиявий саводхонлик, молиявий фирибгарлик турлари ва хавфсизлик қоидалари бўйича талаба- ёшларга интерактив форматда батафсил маълумот берилди.
Рақамли молиявий саводхонлик – бу интернет, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ривожланган, барча соҳага рақамлаштириш технологиялари кириб борган шароитда замон билан ҳамнафас тарзда пулларни тўғри бошқариш, масофавий рақамли банк хизматларидан самарали фойдаланишга, бундан ташқари, молиявий фирибгарликлардан ҳимояланишга ёрдам берувчи етарли билим ва кўникмаларга эга бўлишни билдиради. Жумладан, спикерлар томонидан иштирокчиларга рақамли молиявий саводхонлик нима, SMS-фирибгарлик, скимминг, фишингдан ҳимояланиш учун нима қилиш кераклиги, электрон ҳамён, омонат турлари, онлайн омонатлар, рақамли идентификация ва виртуал карталар бўйича презентация орқали тушунтириб ўтилди.
– Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар орқали фирибгарликнинг турлари кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, – дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Ботир Давлетмуратов. – Бугунги семинарда мен ўзимга керакли маълумотларга эга бўлдим. Масалан, банк карталари билан боғлиқ фирибгарликнинг энг кенг тарқалган тури – скимминг бўйича, фишинг, яъни бу ҳам фирибгарликнинг бир тури бўлиб, унинг мақсади фойдаланувчининг махфий маълумотлари – логин ва паролни қўлга киритиш орқали, смс-фирибгарликлар, улардан қандай ҳимоя қилиниш кераклиги бўйича кўпгина маълумотларга эга бўлдим.
[gallery-17199]
Семинар давомида талаба- ёшлар орасида интерактив уйинлар ҳам ташкил қилинди ва энг фаол иштирок этган талаба- ёшларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари