Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Plato Books”, “Booky”, “Atiyaj” масъулияти чекланган жамиятлари ва “Aydinlar” лойиҳаси томонидан молиявий саводхонлик бўйича қорақалпоқ тилига таржима қилинган Бодо Шефернинг “Пул алифбоси”, Жорж С.Клейсоннинг “Вавилоннинг энг бой одами”, Саидмурод Давлатовнинг “Мен ва пул” ҳамда “Тафаккур стратегияси” китобларини кенг жамоатчиликка таништиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти, шунингдек, “Plato Books”, “Booky”, “Kaypanov” жамиятлари томонидан ташкил этилган тадбирда таниқли маърифатпарвар зиёлилар, устоз педагоглар, китобхон ёшлар, талабалар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.


Янги китоблар тақдимотида социология фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам Сапарбаев, тадбиркор Азамат Кайпанов, “Booky” лойиҳаси асосчиси Азизбек Дабиловлар сўзга чиқиб, халқимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишидан келиб чиқиб, уларнинг маънвий даражасини ошириш мақсадида амалга оширилган ушбу тадбирларнинг аҳамияти ҳақида маълумот беришди.

Шу билан бирга, қорақалпоқ тилида чоп этилган китобларнинг мазмуни билан таништириб, улардан ҳар бир инсон шахсий ҳаётида фойдаланиши мумкинлигини таъкидлашди.Тадбир янги китоблар ярмаркаси билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА