Молиявий мустақиллик университетга нима берди?
Қарор ва ижро
Бугун ҳар бир олий таълим муассасасининг жаҳондаги етакчи илмий тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиши, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологияларнинг жорий қилинишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Мазкур жараёнда олий таълим муассасасига ҳам молиявий, ҳам академик ва ташкилий бошқарув соҳаларида қўшимча ваколатлар, мустақиллик берилиши катта аҳамият касб этади.

Хўш, молиявий ва академик мустақиллик юртимиздаги олий таълим муассасаларига нима берди? Айни шу ҳақда Наманган давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон ТУРҒУНОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Молиявий ва академик мустақиллик – бу изланиш, ҳаракат, янги ғоя ва мақсадларни амалга татбиқ этиш демак. Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари бу борада катта қадам бўлди. Ушбу икки муҳим ҳужжатга асосан мамлакатимиздаги 35 та олий таълим муассасасига молиявий ва академик мустақиллик берилди.

Қувонарлиси, улар орасида Наманган давлат университети ҳам бўлиб, бу аслида биз учун юксак эътироф бўлди. Чунки олий ўқув юртимизнинг республикада етакчи бўлиши, миллий рейтингда юқори ўрин эгаллагани, моддий-молиявий имконияти ҳамда илмий салоҳияти юқори бўлгани боис, унга мана шундай имконият тақдим этилди. Шу тариқа университетимиз 2022 йил 1 январдан молиявий, 2022/2023 ўқув йилидан ташкилий ва академик мустақил олий таълим муассасаси сифатида фаолият олиб бора бошлади.
Айни пайтда олий таълим даргоҳида 700 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи 25 мингдан ортиқ талабага таҳсил беряпти. Педагогларнинг 27 нафари фан доктори, профессор, 219 нафари фан номзоди, “PhD”, доцент илмий даражасига эга ўқитувчилардир. Университет илмий салоҳияти айни пайтда 36,2 фоизни ташкил этмоқда. Сўнгги уч йилда 71 илмий иш муваффақиятли ҳимоя қилинган бўлса, жорий ўқув йилида 103 илмий иш ҳимоя қилиниши кутилмоқда. Сўнгги йилларда 187 нафар магистр ишга қабул қилинди.

Таъкидлаш лозимки, молиявий ва академик мустақиллик бизга стандарт нормативлардан фарқли равишда, ўз хусусиятимиздан келиб чиқиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва кузатув кенгашлари орқали тасдиқлаб, амалиётга жорий этиш ваколатини берди. Бу, энг аввало, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Ўз стратегик ривожлантириш дастурларимиз, бизнес режалар ҳамда даромад ва харажатлар параметрини мустақил шакллантириб, кузатув кенгашлари муҳокамасидан ўтказиб, амалиётга жорий этмоқдамиз.
Ўтган йили университет профессор-ўқитувчилари томонидан қиймати 2,4279 миллиард сўмлик давлат илмий-техника дастурлари доирасидаги лойиҳалар бажарилди. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 3,5779 миллиард сўмлик, яъни 2022 йилга нисбатан 1 миллиард сўмдан кўп маблағ топишга муваффақ бўлдик.
Ҳозирги кунда Наманган давлат университетида 10дан зиёд инновацион ишланма устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, университетимиз томонидан 17 та лойиҳа бажарилиши режалаштирилган эди. Шундан охирги икки йилда бажарилиши лозим бўлган 11 та лойиҳанинг барчаси муваффақиятли амалга оширилди.
Айниқса, улар орасида “Саратон касалликларида трансмембранали оқсил онкомаркерини диагностика қилиш”, “ПЗР лабораторияларини рақамлаштириш асосида маълумотлар базасини яратиш ва статистик таҳлил самарадорлигини ошириш”, “Ноанъанавий хомашё ва сабзавотлардан цукат тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқиш”, “Интенсив усулда балиқ етиштирувчи “Аквакултура” инновацион марказини ташкил этиш”, “Кўзи ожизлар учун инновацион рельефли хаританинг янги авлоди ҳамда рельефли ақлли глобусни яратиш”, “Маҳаллий хомашёлар асосида пайвандлаш электродларининг бутловчи композитларини олиш технологиясини яратиш”, “Анимацион ёндашув асосида бошланғич синф ўқувчиларида экологик онгни шакллантириш технологиясини яратиш”, “Гидрогеологик қудуқларда ер ости сувлари сатҳини масофадан ўлчовчи инновацион қурилмасини яратиш” сингари лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёс.

Дарвоқе, бугун таълим сифатини ошириш мақсадида хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни таълим жараёнига шартнома асосида жалб қилиш, молиявий ресурсни ишлатиш тартибини мустақил белгилаш, бюджетдан ташқари қўшимча маблағлар ишлаб топиш, профессор-ўқитувчилар ва ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш мақсадида инновацион ишланмаларни тижорийлаштириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ва даромад топиш каби имкониятларга эгамиз. Топилган даромадлар, шубҳасиз, таълим ривожига сарфланмоқда.
Ҳозир университет қошида учта корхона фаолият олиб боряпти. Жумладан, цукат цехи, мебель цехи ва Чуст шаҳридаги “Тумор он таргет” усули билан диагностика қилиш маркази ҳам талабаларни иш билан таъминлаш, уларнинг олган билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш ҳамда мустаҳкамлашга эришиш, ҳам даромад топиш имконини бермоқда.
Цукат цехида мева ва сабзавот маҳсулотларидан цукат тайёрланяпти ва маҳаллий бозорларга чиқариляпти. Мебель цехида эса университет ва бошқа олий ўқув юртлари, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларига шартнома асосида мебеллар тайёрлаб бериляпти. Мазкур корхоналарда 80 нафардан зиёд талаба бандлиги таъминланган.
Наманган давлат университетида ташкил этилган “Карьера маркази”да 16 та замонавий русумдаги компьютер бўлиб, уларга вилоятнинг 14 туманидаги бўш иш ўринлари маълумоти жойлаштирилган. 32 нафар талаба мутахассис сифатида ишга олинган. Марказда вилоят давлат ташкилотларидаги бўш иш ўринлари тегишли ташкилотлардан ҳар ойнинг ўнинчи санасида олинади ва бўш иш ўринлари портфели йил давомида шакллантириб борилади. Асосийси, марказда бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар базаси яратилган. Танлов асосида талабаларга бўш иш ўринлари тавсия этиб борилмоқда.

Шунингдек, “Коворкинг маркази”миз талаба-ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоялари, лойиҳалари, “ноу-хау”лари, “стартап”ларини амалга ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, уларга юридик ва тижорий маслаҳатлар бериш, бухгалтерия ҳисоботларини юритиш, маҳорат сабоқларини ўтиш, семинарлар ташкил этиш ҳамда бошқа бир қанча хизматларни кўрсатишга мўлжалланган. Марказ талабаларга ўз инновацион ва бизнес ғояларини амалга ошириш ҳамда тижоратлаштиришда ҳамкор ташкилотлар билан кўприк вазифасини ўтайди. Марказда 16 нафар иқтидорли талаба доимий иш билан банд.
Яна бир янги ғояларни ўзида жамлаган корхоналардан бири – “NamDU innovation” унитар корхонаси бўлиб, унда ҳозир 20 нафар талаба ишламоқда. Мазкур корхона талабалар учун технология таълими амалиётини таъминлаш, техник ижодкорлик ва дизайн, маҳсулот тайёрлаш технологияси, техник ижодкорлик ва конструкциялаш бўйича амалий машғулотларни замонавий, рақамли дастурлар асосида бошқариладиган дастгоҳларда олиб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Корхонада талабалар бўш вақтини унумли ўтказиш асносида миллий ҳунармандчилик асосида замонавий жиҳозларни тайёрлаш, мебелсозлик ва дурадгорлик касбларини эгалламоқда.

Университетда ташкил қилинган “IT-park”да ахборот коммуникация технологиялари соҳасига оид лойиҳа ва дастурларни яратиш хонаси, технологияга қизиққан талаба-ёшларни ушбу соҳа бўйича ўқитиш йўлга қўйилган. 12 та замонавий компьютердан иборат “IT-scool” хонаси ҳамда лойиҳа-дастурларни тақдимот қилиш ҳудуди ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, замонавий “Универсал ахборот-ресурс маркази” ҳам очилиб, у 4 мингдан ортиқ янги ўқув адабиёти, 30 та ноутбук, 25 та компьютер ва 4 та монитор билан таъминланган.
Қайд этиш жоизки, Наманган давлат университети томонидан 42 та хорижий олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шунингдек, учта чет эл олий ўқув юрти билан биргаликда қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқилган.
Биз учун молиявий ва академик мустақилликнинг яна бир фойдали жиҳати шундаки, ташкилий тузилма ва штат бирликларини ўзимиз жорий этиш ҳуқуқига эга бўлдик. Меҳнат бозорида иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлган мутахассисларни кадрлар буюртмачисининг талаби асосида тайёрлашни бошладик. Айни шу мақсадда жорий ўқув йилидан бошлаб бир неча мутахассисликлар бўйича янги йўналишларни очдик.
Бугун Наманган давлат университетида 13 факультет, 41 кафедра мавжуд. 71 йўналишда малакали бакалавр босқичи мутахассислари, 27 йўналишда магистратура босқичи бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Қолаверса, нафақат таълим, балки тиббиёт соҳаси учун ҳам замонавий кадрлар тайёрланади. Вилоятда олий маълумотли тиббиёт ходимларига бўлган талабни инобатга олган ҳолда 2021 йилда университетда тиббиёт факультети очилди. Ҳозир даволаш иши, педиатрия иши ва фармацевтика йўналишларида 468 нафар талаба таҳсил олишмоқда. Факультетда Андижон давлат тиббиёт институти ҳамда вилоятдаги етакчи соғлиқни сақлаш муассасаларидан фан докторлари ва фан номзодлари ўриндошлик асосида талабаларга билим бериб келмоқда.
Шунингдек, қўшма таълим дастурлари асосида Россиянинг Урал давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда “2+2” асосида таълим жараёнлари ташкил этилмоқда. Бу дастурнинг афзаллик томони шундан иборатки, талабалар маълум вақт Россия Федерациясида ҳам ўқишни давом эттиради. Бунинг натижасида бўлғуси шифокорлар университетимизни иккита диплом билан тамомлайди.
Албатта, молиявий имкониятдан келиб чиқиб, иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни молиявий қўллаб-қувватламоқдамиз. Қолаверса, тўлов-шартнома миқдори, уларни тўлаш ва узайтириш муддатини мустақил белгилаяпмиз.
Рақамларга эътибор қаратсак, ўтган йили “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” ҳисобидан 1 минг 890 нафар талабага 1,1 миллиард сўм рағбатлантириш берилган бўлса, жорий йилда 1 минг 465 нафар талаба 500 миллион сўм миқдорида рағбатлантирилди.
Қолаверса, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси ёки уларнинг қонуний вакилларига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган 7 минг 959 нафар талабага ўтган йили 1,2 миллиард сўм, жорий йилда эса 12 минг 527 нафар талабанинг 1,9 миллиард сўм миқдоридаги ижара тўловлари қоплаб берилди. Бу билан талабаларнинг ижтимоий муҳофазаси ўтган йилга нисбатан кучайтирилди.
Шунингдек, 2022 йилда университетимизда таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган талабаларга давлат бюджетидан 118 миллион сўм тўлаб берилди. 2023 йилда эса ана шундай моддий кўмак миқдори 281 миллион сўмни ташкил этди.

Ҳукуматимиз томонидан берилган имкониятлар натижасида университетимизнинг моддий-техник салоҳияти тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Айни пайтда талабалар учун саккизта ўқув биносидаги 243 аудиторияда таълим учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Барча аудитория ва 36 та лаборатория энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. 1483 та компьютернинг барчаси Интернет тармоғига уланган.
Талабаларни турар жойи билан қамраб олиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлани амалга ошириш мақсадида университетнинг Наманган шаҳридаги Бобуршоҳ кўчаси ҳудудида бунёд этилаётган 400 ўринли талабалар турар жойи қурилиши жадал давом этмоқда. Лойиҳа қиймати 25 миллиард сўмдан ортиқ бўлган бино етти қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда ўқув хонаси, ошхона, тиббий хизмат хонаси, спорт-соғломлаштириш ҳамда маиший хизмат кўрсатиш хоналари жойлашади. 4 та хона эса жисмоний имконияти чекланган талабалар учун махсус лойиҳавий режа асосида қурилмоқда. Ногиронлиги бўлган талабаларнинг турар-жой биносига кириб-чиқишида қулайлик яратиляпти. Мазкур талабалар турар жойи муқобил энергия манбалари билан тўлиқ таъминланади. 2025 йилга қадар яна бир етти қаватли, 400 ўринли замонавий талабалар турар жойи биноси ҳамда 2 минг ўринли Инновацион факультет учун бинолар қурилишининг бошланиши ҳам режалаштирилган.

Бундай амалий изчил саъй-ҳаракатларимиз замирида молиявий ва академик мустақилликка эришиш ва унинг самаралари мужассамдир. Ушбу ислоҳотлар олий таълим муассасалари ривожига хизмат қилибгина қолмай, изланишга, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суришга, амалий натижага эришишга туртки бермоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири