Молдова Президенти иккинчи муддатга номзодини қўяди
Молдованинг амалдаги Президенти Майя Санду 2024 йил охирига белгиланган президентлик сайловига яна номзодини қўйиш ниятида.
“Бизда ҳали муҳим режалар бор, агар менга ишонсангиз, янги муддатда ишни давом эттиришга ваъда бераман”, – деган у республика раҳбари расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.
Санду “Ҳаракат ва бирдамлик” партиясидаги иттифоқчилари томонидан назорат қилинадиган парламентдан мамлакатни Европа сари йўналтириш бўйича референдум ўтказиш устида иш бошлашни сўради.
– Келажагимиз Европа оиласида, биз қайси йўлни танлашимизни аниқ айтишимиз керак, – деди Молдова етакчиси. – Мен парламентни келаси кузда фуқаролар овози ҳал қилувчи аҳамиятга эга референдум ўтказишга чақираман.
2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонган Санду бир неча бор Россия – Украина зиддиятини қоралаган, Москвани эса ўзини ҳокимиятдан четлатиш мақсадида давлат тўнтариши уюштиришга уринишда айблаган. Кишинёвдаги Россия элчихонаси эса Молдова ҳукумати томонидан “русофобия кайфияти қўзғатилётгани”ни даъво қилган.
Молдованинг собиқ Президенти, социалист Игорь Додон Сандунинг қайта сайланиш ниятини ҳам, референдум ўтказишга чақириғини ҳам қоралади.
– Майя Санду 3 йиллик лавозимидан сўнг ўзини сиёсий жиҳатдан чўкишдан “қутқариш” учун референдумдан бошқа таклиф қиладиган ҳеч нимаси йўқ, – деб ёзди у ижтимоий тармоқда. – У Европа билан алоқаларга умид қилмоқда ва бу ҳолат унга янги мандат олиб келиши мумкин.
Унинг фикрича, Санду “сиёсий чўққини босиб ўтди” ва “бутун бир халқнинг ҳафсаласини пир қилди”. Додон айни дам президентликка номзодини қўйиш ҳақида ўйламаётганини ҳам қўшимча қилган.
“Мен аввал президентлик қилганман, энди ҳеч қандай ҳолатда давлат раҳбари бўлиш учун носоғлом амбициям йўқ”, – деб ёзган.
Келаси йил охирига мўлжалланган Молдова Президенти сайловининг аниқ санасини парламент белгилайди.
К.Бекжонов,
ЎзА