Мобил поликлиника аҳоли хизматида
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан махсус автобусга жойлаштирилган мобил поликлиника фаолият юритмоқда. Олис ҳудудларда тиббий хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган мобил поликлиникасининг навбатдаги манзили Қарши туманидаги олис Поштон маҳалласи бўлди.

Ҳудуддаги Юсуф Хушвақтов номли оилавий шифокорлик пунктида мобил поликлиниканинг замонавий тиббий ускуналари ҳамда вилоят марказидан борган малакали тор соҳа мутахассислари кўмагида тиббий кўрик ўтказилди. Тадбирда 52 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга тегишли тавсиялар берилди. 4 нафарига туман, 3 нафарига вилоят шифохонасида даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Тўлқин Расуловнинг қайд этишича, энди белгиланган график асосида ҳар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари мобил поликлиника орқали олис ҳудудларда тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА